Билим ва тафаккур, умид ва орзулар байрами
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланди. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 298-умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йили бошланишига бағишланган тадбир маърифат, болалик ва беғуборлик байрами сифатида бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирга мактаб ўқувчилари, устозлар, ота-оналар ҳамда таълим соҳаси мутасаддилари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табригини мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Темуржон Комилов ўқиб эшиттирди.
Мазкур табрик орқали давлатимиз раҳбари шундай қувончли айёмда беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, катта орзу-интилишлар билан мактаб остонасига қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин ўғил-қизларимизга, ота-оналар ва педагоглар жамоатчилигига ўзининг эзгу тилакларини билдирди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бормоқда. Шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, замонавий ахборот технологиялари, ижодий изланишлар, спорт ва жамоат ишларидаги дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ҳамда устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизлар мамлакатимизнинг нурли келажагидир.
[gallery-31200]
– Мамлакатимиздаги барча мактабларда бугун биринчи қўнғироқ садоларининг янграши билим ва тафаккур байрами тарзида нишонланмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Темуржон Комилов. – Президентимизнинг 1-синф ўқувчилари учун совғалари болажонларни жуда руҳлантиради. Янги ўқув йилига дарсликлар ва зарур барча воситаларни тайёрлаш билан бирга, болаларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратилди.
Айтиш керакки, ушбу мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари бутун ёзги таътил давомида олиб борилган.
– Янги ўқув йилига ёз мавсуми давомида пухта тайёргарлик кўрилди, – деди 298-мактаб директори Шерали Рустамов. – Педагогларнинг билими, касбий малака ва маҳоратини оширишга жиддий аҳамият қаратилди. Қўшимча янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Мактабимизда 3463 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу йил биринчи синфга 415 нафар ўғил-қиз қабул қилинди. Битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига киришида ҳам сезиларли ижобий натижаларга эришилди.
Янги ўқув йили бошланишига бағишланган тадбирда Ватан, Мустақиллик, ёшларга қаратилаётган эътиборни улуғловчи куй-қўшиқлар янгради. Болажонлар билан интерфаол мулоқотлар тантанага янада самимий руҳ, завқ ва беғуборлик бағишлади.
Қалбларни ҳаяжонга солган, ўқувчиларни янги орзулар сари ундаган, катталарнинг болалик йилларини хотирада жонлантирган биринчи қўнғироқ садолари янгради. Биринчи синфга илк бор қадам қўйган жажжиларга Президентимизнинг совғалари топширилди.
Илк сабоқда янги Ўзбекистоннинг дадил тараққиёт одимлари, Мустақиллик, ҳуррият ва озодлик, мактаб ва китобларнинг мўъжизавий дунёси ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбири