Бейбут Атамкулов: Марказий Осиё – барқарор, хавфсиз ва жадал ривожланаётган ҳудуд
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик мазмун жиҳатидан янги босқичга чиқди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти, ҳудудлар кесимидаги учрашувлар ва аниқ иқтисодий лойиҳалар икки томонлама алоқаларни нафақат мустаҳкамламоқда, балки бутун Марказий Осиё тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов ЎзА мухбирига берган интервьюсида шу ҳақда фикр билдирди.
– Яқинда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Ушбу формат 2023 йилдан буён изчил давом этмоқда. Чимкент, Хива, Олмаотадан сўнг бу гал Бухоро танланди. Муҳими, учрашувлар пойтахтларда эмас, ҳудудларда ўтказилаётгани раҳбарларга жойлардаги ривожланишни бевосита кўриш имконини бермоқда.
Бугунги кунда глобал ўзгаришлар, хусусан Яқин Шарқдаги вазият таъсири Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмаяпти. Табиийки, бундай шароитда давлат раҳбарлари ўзаро маслаҳатлашиб, умумий ёндашувни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Асосий йўналишлардан бири – транспорт ва логистика. Минтақамиз денгиз портларидан узоқлиги янги йўналишлар излаш ва кооперацияни кучайтиришни тақозо қилади.
Сув ресурслари, иқлим ўзгариши ва экология масалалари ҳам долзарб. Бухородаги учрашувда “тоза ҳаво” мавзуси алоҳида кўтарилди. Қозоғистон томони Ўзбекистон илгари сурган ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Иқтисодий ҳамкорлик ўзаро муносабатда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан электр энергияси, нефть ва газ йўналишидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қувонарли. Геология, жумладан нодир металлар бўйича қўшма ишчи гуруҳ фаолият бошлади. Транспорт соҳасида эса барқарор ўсиш кузатилмоқда: 2023 йил икки мамлакат ўртасида 32 миллион тоннадан ортиқ юк ташилди, йиллик ўсиш 16-18 фоизни ташкил этди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қўшма лойиҳалар тўплами шакллантирилмоқда. Умумий қиймат 8 миллиард долларга етиши мумкин. Шунингдек, ўзаро товар етказиб беришни кучайтириш орқали ички имкониятдан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўрилмоқда.
Маданий-гуманитар алоқалар юқори даражада. Ўзбек ва қозоқ халқларини тарихий яқинлик, умумий қадрият ва қардошлик боғлаб туради. Бу эса шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё иқтисодиётининг асосий драйверлари ҳисобланади. Икки мамлакат ялпи ички маҳсулоти тахминан 480 миллиард долларга тенг бўлиб, аҳоли улуши ҳам минтақанинг салмоқли қисмини ташкил этади.
Хуллас, Марказий Осиё ҳозир барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий ўсиш нуқтаи назаридан энг истиқболли ҳудудлардан бирига айланмоқда. Шу боис минтақамизга инвестиция ва технология ривожланиши учун жозибадор макон сифатида қаралмоқда.
ЎзА мухбири Дилшод Ҳакимов ёзиб олди.