Бектемирда яшил ҳудудлар учун 8 гектарлик кўчатхона ташкил этилмоқда
Пойтахтимизда яшил майдонларни кенгайтириш ва экологик муҳитни яхшилаш борасидаги ишлар янги босқичда жадаллашиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда туманларнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, ҳудудлараро самарали ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди.
Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Олмазор тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан Бектемир туманидаги бўш турган 8 гектар ер майдонида маҳаллий иқлимга мос манзарали бута кўчатларини етиштириш лойиҳаси бошлаб юборилди.
Олмазор тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Бектемир туманидаги 8 гектар ер майдонида ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида манзарали бута кўчатлари етиштирилмоқда.

Айни пайтда ажратилган майдоннинг 5 гектар ер қисми ҳайдалиб, шундан 3 гектарида кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Ушбу мақсадда махсус иссиқхоналар ташкил этилиб, уларда турли хил буталарнинг қаламчаларидан Олмазор тумани учун янги кўчатларни етиштириш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа маҳаллий кўчат етиштириш ҳажмини ошириш, импортга бўлган эҳтиёжни камайтириш ҳамда туманда яшил ҳудудларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,ЎзА