Бекободда янги саноат лойиҳаларига тамал тоши қўйилди
Тошкент вилоятида саноат салоҳиятини юксалтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Бошқирдистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бераётган "Бекобод" саноат технопарки ҳам ана шундай истиқболли ташаббуслардан биридир.
Хусусан, Бекобод туманида мазкур технопарк ҳудудида металл конструкциялар ишлаб чиқариш заводи қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Бошқирдистон ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб, савдо иқтисодий ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Янги саноат технопарки икки ҳудуд ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантириш, ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров ҳам кўрсатилаётган дўстона муносабат ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, келгусида икки ҳудуд ўртасидаги алоқалар янада кенгайишига ишонч билдирди.
Умумий майдони 100 гектарни ташкил этадиган саноат технопаркида 2026-2028 йилларда жами 200 миллион долларлик 25 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Технопаркдаги дастлабки лойиҳа “Orstostan Ru” компанияси томонидан металл конструкциялар ишлаб чиқариш заводини барпо этишни назарда тутади. Қиймати 20 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳа доирасида 8 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш корхонаси қурилади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг тоннани ташкил этиб, 100 та янги иш ўрни яратилади.

Саноат технопаркининг асосий йўналишлари металлургия ва кимё саноати учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, шунингдек, замонавий бурғилаш ускуналари ва механизмларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, ҳозир Тошкент вилояти ва Бошқирдистон Республикаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 197 миллион долларга етган. Янги саноат технопаркининг ташкил этилиши ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, янги инвестицияларни жалб этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА