Бекинмачоқ ўйини наф бермади: МИБ ходимлари хонтахта ортига яширинган алиментчини топди
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 40 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги бўлган шахс ўз хонадонидаги хонтахта ортига яширинган жойида топилди.
Пискент туманида яшовчи фуқаро оилавий келишмовчиликлар сабаб турмуш ўртоғи билан ажрашгач, икки нафар фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган. Фуқаронинг мурожаатига асосан суд томонидан ундирувчи аёл фойдасига ҳар ойда алимент ундириш бўйича ижро ҳужжати чиқарилган.
Суд қарори Бюронинг Пискент тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва тегишли ижро ҳаракатлари бошланган. Бироқ қарздор ота мажбуриятларини бажаришдан қочиб юриши оқибатида алимент қарздорлиги 40 миллион сўмдан ошиб кетган.
Шу сабабли давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан расман қидирув эълон қилинган. Бюро инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширди.
Олинган маълумотлар асосида Бюро ходимлари қарздорнинг яшаш хонадонига боришганида, оила аъзолари у анчадан бери уйга келмаганини билдиришган. Бироқ хонадон пухта кўздан кечирилганда, қарздор ота хонтахта орқасига яшириниб олгани аниқланди.
Қидирувда бўлган шахс белгиланган тартибда давлат ижрочисига топширилиб, унга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилмоқда.
ЎзА