Барри Фор: Бу марказни барпо этиш учун беқиёс тасаввур, узоқни кўра билиш қобилияти керак
Сейшел Республикаси ташқи ишлар ва диаспора вазири Барри Фор бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Меҳмонлар мажмуа фаолияти билан танишиш асносида ноёб тарихий экспонатлар, замонавий мультимедиа технологияси уйғунлашган, юртимизнинг бой илмий-маънавий меросини тарғиб этишга қаратилган лойиҳадан лол қолганини яширмадилар.
Хусусан, Барри Фор таассуротлари билан ўртоқлашар экан, марказни “келажак тасаввур қилинган ташаббус” сифатида баҳолади.
[gallery-29146]
– Бундай иншоот барпо этиш учун беқиёс даражада кенг тасаввур, узоқни кўра билиш қобилияти зарур, – деди юқори мартабали меҳмон. – Бир сўз билан айтганда, замонавий технология орқали тарих ва цивилизацияни бутун дунёга, айниқса ёш авлодга етказиш ғояси ҳайратланарли. Марказ нафақат бой тарихий меросни намойиш этади, балки ташриф буюрувчиларга қадим цивилизация ҳақида чуқур билим ҳам беради.
Вазирда айниқса 3 000 йиллик тарихга эга буғу ҳайкалчаси ўзгача таассурот қолдирди.
– Бундай қадимий артефакт бугунги кунгача сақланиб қолгани ва инсонларга намойиш этилаётгани ҳақиқатан ҳайратланарли, – деди у.
Жаноб Фор Ўзбекистон ва Сейшел Республикаси ҳамкорлиги истиқболига алоҳида тўхталди. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига икки йил бўлганини эслатиб, шерик давлат томонидан вазир даражасидаги илк расмий ташриф амалга оширилганини таъкидлади. Қолаверса, мамлакатимиз ташқи ишлар вазири билан музокарада ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор келишувлар юзасидан фикр алмашилганига урғу берди.
– Биз энди бошланаётган ўзаро муносабат янада мустаҳкамланишига ишонамиз, – деди Барри Фор. – Келгусида Сейшел Республикаси Президенти Патрик Ҳерминнинг Ўзбекистонга ташрифи масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА