Сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги вазифалар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш орқали иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ҳамда инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, АТ хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ҳамда БМТнинг Электрон ҳукумат индексида юртимизни дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Сўнгги йилларда рақамлаштириш соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсири сезиларли даражада ошган. Охирги беш йилда соҳадаги ялпи қўшилган қиймат ўртача 24,8 фоизга ўсиб, мазкур кўрсаткич ЯИМ ўсиш суръатларидан 3,5 баробар юқори бўлган. Ахборот ва алоқа тармоғида банд бўлганлар сони 2017 йилдаги 64,3 минг нафардан 108,8 минг нафарга, ўзини ўзи банд қилганлар сони эса 10 мингдан 181 минг нафарга етган. Ҳозирги кунда соҳада 11 минг 900 дан зиёд корхона фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг қарийб 1,4 мингтаси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган.
Шу билан бирга, ҳозирда сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуслари бошланган. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикасида сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқариш занжирини реал вақт режимида таҳлил қилиш йўлга қўйилгани натижасида энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга қисқарган, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошган.
Бундай лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш учун 24 миллион долларлик GPU-кластерга эга сунъий интеллект инфратузилмаси ишга туширилган. Йил якунигача қўшимча ҳисоблаш қувватларини кенгайтириш учун яна 45 миллион долларлик ускуналарни жалб қилиш режалаштирилган. Таъкидланганидек, энди бу инфратузилмадан тўғри ва самарали фойдаланиш, уни тармоқлар кесимида аниқ натижа берадиган ечимлар билан боғлаш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, солиқ, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид 130 дан зиёд маълумотлар базасини тизимлаштириш, улар билан ишлаш муҳитини шакллантириш ҳамда сунъий интеллект моделларини жорий қилиш режалари кўриб чиқилди. Бу орқали давлат хизматларида фойдаланувчиларга тақдим этиладиган сервисларни кенгайтириш, давлат бошқаруви жараёнларида таҳлил ва қарор қабул қилиш сифатини ошириш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида харажатларни камайтириш ва самарадорликни юксалтириш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда сунъий интеллект технологияларини қўллашнинг соҳавий йўналишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, соғлиқни сақлашда инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, тиббий кўрик жараёнларини автоматик баёнлаштириш, рақамли тиббий ёрдамчи дастурларни жорий этиш; қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини прогноз қилиш, фитосанитар хавфлар бўйича фермерларнинг хабардорлигини таъминлаш, яйловларнинг ҳолатини мониторингини уюштириш; транспорт соҳасида йўл қопламалари ва темир йўл инфратузилмасини мониторингини ўтказиш, ҳайдовчини хавфли вазиятлардан огоҳлантириш, «ақлли» транспорт тизимларини ривожлантириш; қурилиш ва саноатда эса қонунбузарликларни аниқлаш, смета ҳужжатларини кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, видеотаҳлил орқали ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш каби лойиҳаларни кенгайтириш назарда тутилган.

Инфратузилмани ривожлантириш билан бирга маҳаллий стартапларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг рақамли кўникмаларини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда мамлакатимизда стартаплар сони 950 тага етган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,5 фоизлик ўсишни англатади. Венчур фондларнинг сони 22 тага етиб, экотизим қиймати эса 4,3 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Стартапларга киритилган инвестициялар ҳажми 132 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди.
Жорий йилдан бошлаб стартаплар бўйича Президент танловининг мукофот жамғармаси АТ йўналишида 5 миллион долларга оширилгани, сунъий интеллект йўналишида эса 1 миллион долларлик янги танловлар жорий қилингани маълум қилинди. Шунингдек, “President AI Award”ни давлат бошқаруви, саноат ва тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, “яшил иқтисодиёт” ва агротехнологиялар каби 5 йўналишда ташкил этиш таклифи билдирилди.
2030 йилгача ахборот технологиялари соҳасида 300 минг ёшнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чоралар ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун ҳудудларда рақамли экотизимни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп хизматлар кўламини ошириш ва стартапларнинг ўсиш нуқталарини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Самарқанд, Наманган, Сирдарё ва Бухорода IT-Parkнинг янги филиаллари, Нурафшон шаҳрида эса рақамли R&D марказини ташкил этиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилди. Нурафшон шаҳрида 7,3 гектар майдонда ташкил этиладиган мазкур марказ доирасида 6 та юқори технологияли лаборатория, сунъий интеллект учун 200 та GPUли ҳисоблаш маркази, стартап кампуси ва тижоратлаштириш марказини барпо этиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этиб, уни 2027-2031 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Тақдимотда рақамли таълимни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида 1 миллиондан ортиқ бошланғич курс тингловчилари, 300 мингдан зиёд ўрта босқич тингловчилари ва 1,5 минг профессионал даражадаги мутахассис тайёрлангани айтилди. Энди мактабларда сунъий интеллект ва стартап хоналарини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, мактабларда рақамли инфратузилма ҳолати таҳлил қилинди. Ҳозирда 69 фоиз мактабларда Wi-Fi зонаси умуман мавжуд эмаслиги, 5 мингта компьютер синфи маънан эскиргани, 2 мингта мактабда эса бундай хоналар йўқлиги қайд этилди. Шу боис, 2030 йилгача 16 мингта компьютер синфхоналарини янгилаш, мактабларни бепул Wi-Fi нуқталари билан таъминлаш ва интернет тезлигини ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда маҳаллий АТ ечимларидан фойдаланишни кенгайтиришга ҳам алоҳида урғу берилди. Давлат иштирокидаги корхоналар ва банклардаги дастурий маҳсулот ва ахборот технологиялари хизматларининг камида 45 фоизини маҳаллийлаштириш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан давлат корхоналари ва банклар томонидан АТ хизматлар импорт қилинишида мажбурий тартибда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги билан келишиш тизимини жорий қилиш, буюртмаларни IT-Park резидентларига йўналтириш таклиф этилди.
Телекоммуникация инфратузилмаси ва тартибга солиш соҳасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Кейинги йилларда аҳоли масканларининг телекоммуникация хизматлари билан қамрови 41 фоиздан 98 фоизга етган, умумий интернет ўтказиш қобилияти эса 65 баробар ошиб, 4,4 минг гигабит/секундга чиққан. Телерадиокоммуникация бозорини тартибга солиш, хизматлар сифатини мониторинг қилиш ва фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил қилингани қайд этилди.
Тақдимотда телекоммуникация бозорини ҳар йили камида 10 фоизга ошириб, жорий йилда 27,5 триллион сўмга етказиш режалари кўриб чиқилди.
Киберхавфсизликни таъминлаш, давлат ахборот тизимларини интеграция қилиш ва рақамли ҳукумат платформасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлат ахборот тизимларини фақат ягона рақамли ҳукумат платформаси орқали интеграция қилиш, киберхавфсизлик экспертизасидан ўтмаган тизимларни рақамли ҳукуматга улашни чеклаш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини кучайтириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта тўлиқ IT-аудит ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект ва рақамлаштириш бугунги кунда фақат технологик янгиланиш эмас, балки иқтисодиёт самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, хизматлар қулайлиги, экспорт салоҳияти ва мамлакат рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналиш эканини таъкидлади. Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.