“Баркамол авлод” болалар мактабига пресс-тур
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабига пресс-тур ташкил этилди.
Аввал вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Муқаддас Раҳматова пресс-тур иштирокчиларига муассаса фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди.
– Вилоятимизда 11 та “Баркамол авлод” болалар мактаби мавжуд бўлиб, 394 тадан зиёд тўгаракка 10 минг 917 нафар ўқувчи жалб этилган, – дейди М.Раҳматова. – Мактабларимизда 223 та тармоқ тўгараги бўлиб, уларга 5 минг 800 нафардан зиёд ўқувчи қамраб олинган. Бугунги кунда ўқувчиларнинг қизиқиши баланд бўлган “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” йўналишида 60 та тўгарак мавжуд бўлиб, 162 та гуруҳга 1 минг 610 нафардан зиёд ўқувчи жалб қилинган. Навоий, Зарафшон шаҳарлари ҳамда Қизилтепа туманида “Робототехника” тўгаракларининг онлайн гуруҳлари ташкил этилган. Тўгараклар 79 номдаги ўқув дастурлари, кўргазмали воситалар, қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган. Барча “Баркамол авлод” болалар мактаблари тезкор интернет тармоғига уланган.
Пресс-тур жараёнида иштирокчилар “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган “Робототехника”, “Мактабгача тайёрлов”, “Экодизайн”, “Инглиз тили”, “Тасвирий санъат”, “Ментал арифметика” тўгаракларида олиб борилаётган жараёнлар билан танишди.
[gallery-16097]
– Ўзим Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ўқийман, – дейди Жавоҳир Норпўлатов. – Бўш вақтимда “Робототехника” тўгарагида турли робот моделларини ясайман. Мен ясаган бу модель йўлларда тезликни оширганда уни камайтиришга хизмат қилади. Яъни йўл ёқасига ўрнатилган робот назоратчи хотирасига белгиланган тезлик кўрсатгичи киритилади. Агарда машина тезликда келаётган бўлса олдинда сунъий нотекислик мавжудлигини эслатади ва ҳайдовчи тезликни камайтиради. Мабодо машина белгиланган тезликда ҳаракатланиб келаётган бўлса, робот ҳеч қандай сунъий текисликни кўрсатмайди. Тез ёрдам машинаси, ўт ўчирувчи техникалар учун робот ускунада ҳеч қандай ҳаракат қайд этилмайди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Қаландаров сўзга чиқиб, бугунги кунда ушбу муассасада олиб борилаётган ишлар, ечимини кутаётган масалалар, вилоятнинг узоқ ҳудудларидаги мактабларда ташкил этилаётган тўгараклар, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган режа ва мақсадлар хусусида батафсил тўхталди.
Анжуман сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари