Банклар ва тўлов тизимларини ривожлантиришга илғор халқаро амалиёт кенг жорий этилади
Сенатнинг 20-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бозор механизмларини ривожлантириш, банклар ва тўлов тизимларининг барқарорлигини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни белгилаш ва тўлов тизимларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатларни халқаро тамойиллардан келиб чиққан ҳолда самарали тарзда амалга ошириш, молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Марказий банкнинг институционал мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш билан боғлиқ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.
Жумладан, Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Олий Мажлис Сенатининг қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Банкларда корпоратив бошқарувни ва ички аудитни ташкил этиш, аҳолининг қарз юкини тартибга солиш, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, тизимли молиявий инқироз юзага келишининг олдини олиш ҳамда тўловларни ва тўлов тизимларини тартибга солиш юзасидан Марказий банк юридик хизматининг ижобий хулосаси берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соддалаштирилган тартибда ўн кун ичида давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун банклар ва тўлов тизимларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш, банклар ва тўлов тизимларини ривожлантириш борасида илғор халқаро амалиётни янада кенг жорий этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА