Банк хизматларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди
Бугун маҳалла — шунчаки аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд эмас. У инсоннинг дарди эшитиладиган, ташаббуси қўллаб-қувватланадиган, оилавий тадбиркорликка йўл очиладиган, янги иш ўринлари яратиладиган ва аҳоли фаровонлиги таъминланадиган муҳим ижтимоий-иқтисодий масканга айланмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, маҳаллада фаолият юритаётган масъулларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни замонавий банк хизматлари билан яқиндан таништириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Шу мақсадда Бухоро вилоятида АТ “Халқ банки”га бириктирилган маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ижрочи-ёрдамчи агентлар учун “Банк ва банк хизматларидан ҳамда банкоматлардан тўғри фойдаланиш қоидалари” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий марказининг Аёллар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича бошлиғи ўринбосари Н. Латипова сўзга чиқиб, бугунги кунда маҳаллаларда банк хизматларини оммалаштириш, аҳолига қулай ва замонавий молиявий хизматларни етказишда ижрочи-ёрдамчи агентларнинг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Зеро, замонавий банк хизматларидан фойдаланишни билиш — бу фақат қулайлик эмас, балки инсоннинг ўз маблағини ҳимоя қилиши, молиявий хавфсизлигини таъминлаши ва янги имкониятлардан унумли фойдаланиши учун ҳам муҳим омилдир. Шу боис семинар давомида назарий маълумотлар билан чекланиб қолинмай, иштирокчиларга ҳаётий мисоллар асосида амалий тушунчалар берилди.
Хусусан, банкомат нима ва ундан қандай тўғри фойдаланиш керак? Банкомат ва POS-терминал орқали қандай амалиётларни амалга ошириш мумкин? PIN-кодни қандай асраш лозим? Фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? SMS-хабарномалар маблағлар устидан назоратни қандай таъминлайди? Карта банкоматда қолиб кетса нима қилиш керак? Қайси ҳолатларда банкомат картани “ютиб” юбориши мумкин? Бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш лозим? Банкоматдан фойдаланиш жараёнида қайси хатоларни асло такрорламаслик керак?
Ана шу саволларнинг ҳар бирига аниқ ва тушунарли жавоблар берилиб, иштирокчиларнинг амалий кўникмалари мустаҳкамланди.

Айниқса, “Пулингизни ва картангизни фирибгарлардан қандай асраш мумкин?” мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда молиявий фирибгарликларнинг янги усуллари пайдо бўлаётгани, шунинг учун ҳар бир фуқаро банк картаси, PIN-коди ва SMS орқали келадиган тасдиқлаш кодларини ҳимоя қилиши зарурлиги тушунтирилди.
Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда банк хизматларини аҳолига етказишнинг ўзига хос «маҳалла модели»ни янада такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Чунки маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг эҳтиёжи, ҳар бир оиланинг имконияти, тадбиркорлик қилиш истаги ёки молиявий кўмакка бўлган эҳтиёжи турлича. Шу нуқтаи назардан, маҳалла банкирлари ва ижрочи-ёрдамчи агентлар нафақат банк хизматларини тушунтирувчи, балки аҳоли билан банк ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини ҳам бажаради. Улар орқали аҳоли кредит, микромолия, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, даромад манбаини яратиш каби имкониятлар ҳақида зарур маълумотларга эга бўлади.
Семинарнинг иккинчи қисмида 1-ўринбосарлар ҳамда маҳалла банкирларининг кундалик фаолияти билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Долзарб 40 кунлик” доирасида ҳудудларга бириктирилган масъуллар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар батафсил тушунтирилди. Шунингдек, “Таянч маҳалла” ва “Ихтисослашган маҳаллалар кластери” лойиҳаларини амалга оширишда янгича ёндашувларни жорий этиш, маҳаллаларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан амалий қўлланмалар берилди. Мазкур вазифаларнинг ҳар бир банди иштирокчиларга батафсил ўқиб эшиттирилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундай ўқувлардан кўзланган мақсад аслида жуда оддий, аммо мазмунан улкан: маҳаллага яқинлашган банк — аҳолига яқинлашган имконият демакдир.
Агар маҳалла банкири ўз вазифасини пухта билса, у бир оиланинг тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватлаши мумкин. Агар ижрочи-ёрдамчи агент замонавий банк хизматларидан хабардор бўлса, у фуқарони ортиқча оворагарчиликдан асрайди. Агар аҳоли молиявий саводхон бўлса, фирибгарликлардан ҳимояланади ва ўз маблағидан оқилона фойдаланишни ўрганади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири