Баҳодир Жалолов мактаби: 214 медаль ва ўзбек бокси дунёга чиқмоқда (+видео)
Ўзбекистон спорт оламида дунёни забт этмоқда. Аммо бу ютуқларнинг сири нимада?
Ўзбекистон спортчилари бугун дунё миқёсида тан олинмоқда. Барча йўналишларда жаҳонга машҳур спортчиларнинг етишиб чиқиши бу, аввало, иқтидорли ёшлар, соҳадаги тизимли ислоҳотлар ҳамда мураббийларнинг тинимсиз изланишлари ва юксак маҳорати мевасидир. Дарҳақиқат, мусобақаларда юксак натижаларга эришадиган маҳоратли спортчини тайёрлашда устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс. Масалан, боксчини етиштириш учун йиллар давомида узоқ ва машаққатли машқлар, мураббийларнинг турли тактикаларни ишлаб чиқиши, ҳатто спортчиларнинг овқатланиш рациони ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Президент ташаббуси билан икки йил аввал профессионал боксчиларни тайёрлаш мақсадида асос солинган Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби алоҳида ўрин тутади. Қисқа вақт ичида қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, мактаб тарбияланувчилари республика миқёсидаги, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида жами 214 та медални қўлга киритди. Юзлаб ёшлар ва спорт мактаблари рақобатлашаётган бир муҳитда бундай юқори натижаларга эришиш осон эмас. Бу ютуқларнинг асосий омилларидан бири – мактабга маҳоратли ёшларни танлаб олишдаги қатъий мезонлар ва мураббийларнинг юксак тажрибасидир.
Жорий йилда 5-синфга қабул учун 800 нафар ўқувчи талабгор бўлган бўлса, шундан атиги 24 нафари касбий-ижодий ҳамда мантиқий-психологик имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, Баҳодир Жалолов издошлари сафига қўшилди. Спорт мактабида жами 168 та ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 155 нафар йигит-қизлар бокс сирларини ўрганиб келмоқда. Ҳар бир гуруҳда 24 нафардан ўқувчи шуғулланади ва улар учун спортчиларга тавсия этилган 5 маҳаллик овқатланиш рациони ташкил этилган. Бинода узоқ-яқиндан келган спортчилар учун ётоқхона, ошхона, ўқув хоналари, спорт зали ва сув ҳавзаси сўнгги талаблар асосида жиҳозлантирилган. Машғулотларга тажрибали ва маҳоратли мураббийлар жалб қилинган. Бундан ташқари, маҳаллий ва хорижий спорт усталари, машҳур спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Бугунги кунда юртимизда етишиб чиққан боксчиларни дунё тан олмоқда. Ўзбек ўғлонлари қатор йўналишлар бўйича халқаро рейтингларда юқори поғоналарни забт этган. Келгусида бу борада жаҳонда ўз ўрнимизни сақлаб қолиш ва ўзбек бокс мактаби анъаналарининг бардавомлигини таъминлаш мақсадида спорт мактабида ҳар йили янги усуллар ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириш тизими йўлга қўйилган.
Ўзбекистон спортчиларининг, хусусан боксчиларнинг халқаро майдондаги юксак эътирофи ва муваффақиятлари иқтидорли ёшларни аниқлаш, соҳадаги тизимли ислоҳотлар ҳамда мураббийларнинг фидокорона меҳнати ва маҳоратининг натижасидир. Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактаби каби ихтисослаштирилган муассасаларнинг самарали фаолияти, қатъий танлов мезонлари, комплекс тайёргарлик жараёнлари ва халқаро тажрибаларни ўзлаштиришга бўлган эътибор қисқа вақт ичида салмоқли ютуқларни қўлга киритиш имконини бермоқда. Бу эса ўзбек бокс мактаби анъаналарининг бардавомлигини таъминлаш ва унинг жаҳондаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувойитов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА