Бадиий академияда фидойи хотин-қизлар тақдирланди
Ўзбекистон Бадиий академиясида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан академия тизим ташкилотлари ва таълим муассасаларида узоқ йиллардан бери соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол хотин-қизларни “Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар тасвирий ва амалий санъат, бадиий таълим ҳамда маданий-маърифий йўналишларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Улар рассом, педагог, илмий ходим ва ташкилотчи сифатида миллий санъат анъаналарини асраб-авайлаш, уларни замон руҳига мос равишда ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва янги ижодий авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
Академия тизимида ўтказилаётган кўплаб кўргазмалар, ижодий лойиҳалар, танловлар ва маърифий тадбирларнинг муваффақиятида ҳам хотин-қизларнинг ташаббускорлиги, ижодий ёндашуви ва фидойилиги муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур сўзга чиқиб, академия тизимида фаолият юритаётган барча хотин-қизларни баҳор, гўзаллик ва нафосат айёми билан самимий муборакбод этди.
У ўз нутқида аёлларнинг санъат ва таълим соҳасидаги самарали меҳнати, ижодий изланишлари ва жамият маънавий ҳаётидаги ўрни алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг санъат ва таълим соҳасида узоқ йиллар давомида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ рассом ҳамда ўқитувчи-педагог мутахассисларга “Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Бадиий академияда хизмат қилаётган ҳар бир хотин-қизнинг фидойилиги, ижодий садоқати миллий санъатимиз ва маданиятимизни янги чўққиларга кўтариб, ёш авлодни илҳомлантиради, жамиятимизга гўзаллик ва нафосат улашади, ҳар бир лаҳзани байрамга айлантиради ва қалбларда абадий из қолдиради.
Айнан шу аёлларимиз Бадиий академиянинг юраги, санъатимизнинг илҳоми ва келажагимизнинг ёрқин етакчиларидир.
Гулноза Бобоева, ЎзА