Азизбек Ортиқов: "Пахтадан тайёр маҳсулотгача тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйганмиз"
Аввал хабар қилинганидек, Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Тўқимачилик ва тикувчилик саноати - TextileExpo Uzbekistan 2026” 26-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Унда маҳаллий ва хорижий корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Улардан бири “Qum Tex Invest” компаниясидир.
Ушбу корхона вакили Азизбек Ортиқов компания фаолияти ҳамда бугунги кўргазма ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Бизнинг компания Сурхондарё вилоятида жойлашган бўлиб, вилоятнинг 5 та ҳудудида фаолият олиб боради. Биз пахта етиштириб, ундан тола ишлаб чиқарамиз. Сўнг уни ўз фабрикамизда ип ҳолатига келтирамиз. Кейин эса матолар тўқилади ва уларга ранг берилади. Якунда эса маҳсулотлардан тикув цехларимизда тайёр кийимлар ишлаб чиқарилади.
Биз ушбу “TextileExpo Uzbekistan 2026” кўргазмасида илк бор қатнашаяпмиз. Бу эса корхонамиз фаолияти учун жуда катта имконият яратади. Бу ерда кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган компаниялар билан тажриба алмашамиз, янги ҳамкорлар топамиз ва маҳсулотларимизга бўлган қизиқиш янада ортади.
Эътиборли жиҳати, мазкур кўргазма нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, балки халқаро компаниялар учун ҳам ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги бозорларни ўрганиш ҳамда замонавий технологиялар алмашинуви учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Муҳаммадқодир Ясинов,
ЎзА