Айрим тиббиёт муассасаларига чоралар кўрилди
Тиббиёт муассасаларида санитария қоидаларига риоя этилиши инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сирдарё вилоятида бу борада олиб борилган назорат тадбирлари давомида қатор қонунбузилишлар аниқланиб, санитария талабларини бузган муассасалар ҳамда масъул ходимларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.
— Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятдаги 309 та давлат ва хусусий даволаш-профилактика муассасасида 288 та назорат тадбири ўтказилди. Текширувлар давомида санитария-гигиена ва эпидемиологик хавфсизлик талабларига амал қилинмаган ҳолатлар аниқланиб, 232 нафар тиббиёт ходимига нисбатан жами 584 миллион 950 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.

Шунингдек, 47 та хусусий тиббиёт муассасасида ўтказилган текширувлар натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилди. Қонунбузилишлар учун 220 нафар ходим Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддаси, 6 нафардан ходим эса 54¹ ва 54²-моддалари асосида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Назорат тадбирлари санитария талабларига бепарво муносабат жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди. Санитария-гигиена меъёрлари қўпол равишда бузилган 10 та даволаш-профилактика муассасаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Камчиликлар тўлиқ бартараф этилгач, уларнинг фаолияти белгиланган тартибда қайта тикланди.

Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 43 та тақдимнома киритилди. Мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаган 78 нафар тиббиёт ходими вақтинча ишдан четлаштирилди. Шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш, инфекцион назоратни кучайтириш ҳамда санитария талабларига қатъий риоя қилиш масалаларига бағишланган 63 та ўқув-семинар ташкил этилди.

2026 йилнинг дастлабки беш ойида вилоятда шифохона ичи инфекцияларининг 11 та ҳолати қайд этилди. Улар Янгиер ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Оқолтин, Сирдарё, Боёвут ҳамда Ховос туманларида аниқланган бўлиб, ҳар бир ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ўтказилди ва инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди.

— Энг муҳими, санитария талабларига оғишмай амал қилиш нафақат тиббиёт муассасаси фаолияти, балки ҳар бир беморнинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлашда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари келгусида ҳам изчил давом эттирилади, — дейди Жўрабек Ҳасанов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири