АЁҚШда бензиндан «уриб қолиш» ҳолати аниқланди
Техник жиҳатдан тартибга солиш инспекцияси инспекторлари томонидан Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги “A.S” МЧЖга қарашли шохобчада ўтказилган назорат тадбири давомида ҳайдовчиларни алдаш ва қонун талабларини четлаб ўтиш ҳолатлари аниқланди.
Текширув жараёнида АЁҚШда ўрнатилган “Lanfeng Fuel Dispenser” русумли ёқилғи тарқатиш ускунаси AI-92 маркали бензинни белгиланган меъёрлардан кам миқдорда қуйиб бераётгани маълум бўлди. Шунингдек, корхонада қўлланилаётган 5 дона ўлчаш воситаси белгиланган тартибда метрологик текширувдан ўтказилмасдан, ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинган.
Мазкур қонунбузарликлар юзасидан корхона раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида баённома расмийлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонидан иш ҳужжатлари кўриб чиқилиб, тадбиркорга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Бундан ташқари, ҳолатга “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун талаблари доирасида қўшимча ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар тегишли назорат органларига тақдим этилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА