Атроф-муҳит муҳофазасига барча бирдек масъул
Тошкент вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари томонидан ҳудудларда фуқароларга белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик ва уни ёқмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Бироқ, айрим фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамон учраб турибди. Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг шу давригача ўтказилган назорат тадбирларида 2 минг 699 та чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва жарима чоралари кўрилган.

Тошкент вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Паркент тумани бўлими ҳамда вилоят Ички Ишлар бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари билан биргаликда тезкор рейд тадбири ўтказди. Жумладан, “Қуёш” МФЙ ҳудудига ҳар хил турдаги чиқиндиларни фуқаро Н.Ш. томонидан автотранспорт воситасида тўкаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жарима қўлланилди.

Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудудларда санитар тозалаш хизматлари давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаси асосида хусусий секторларга бириктириш вазифаси белгиланган. Шу бўйича Тошкент вилоятидаги 9 та туман ва шаҳарлар имзоланган битимга асосан инвестиция киритиш мажбурияти билан давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари асосида хусусий корхоналарга бириктириб берилган.

– Бекобод ва Оҳангарон шаҳарларида санитар тозалаш тегишли ҳужжат асосида Муқобил хизмат кўрсатувчи корхоналарга бириктирилган, – дейди Тошкент вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Жасур Мамажонов. – Умуман олганда, Тошкент вилоятидаги шаҳар ва туманларда санитар тозалаш хизматлари ҳозирги кунда 3 та давлат-хусусий шерикчилик, 14 та альтернатив корхоналар ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК филиали томонидан санитар тозалаш хизматлари билан қамров даражаси 89 фоизни ташкил этади. Ҳудудда 34 та маиший чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар мавжуд бўлиб, улар томонидан жорий йилнинг III чорагида 65 минг 814 тонна маиший чиқиндилар қайта ишланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мақсадли корхона ва ташкилотлар томонидан жойларда чиқинди қутилар ўрнатиш лозимлиги белгиланган эди. Бу бўйича ҳозирги кунда 1 минг 385 дона чиқинди қутилари ўрнатилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.