Бўлажак дипломатлар учун “Дипломатик изоҳли луғат” тақдим этилди
Жаҳон сиёсати шиддат билан ўзгариб, халқаро муносабатлар тизимида янги тартиблар шаклланаётган бугунги даврда миллий дипломатия мактабларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай стратегик заруратни амалда ифода этган ҳолда, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ҳузуридаги Дипломатик академияда Ўзбекистон ташқи сиёсий тадқиқотлари тарихида янги саҳифа очган икки йирик фундаментал асар — “Дипломатик изоҳли луғат” ҳамда “Дипломатия қадимги даврлардан ҳозирги кунгача” номли нашрларнинг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.
Мустақиллик йилларида илк бор ўзбек тилида бу қадар кенг кўламда ва тизимли равишда тайёрланган ушбу адабиётлар нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун халқаро муносабатлар соҳасидаги муҳим илмий-амалий воқеликка айланди. Мазкур нашрлар замирида бой тарихий меросимизга содиқлик ва келажакнинг профессионал дипломатларини тайёрлашга бўлган юксак эътибор мужассам.
[gallery-32378]
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ташқи сиёсат ва дипломатия соҳаси вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда университет жамоаси иштирок этди.
Тақдимотни Дипломатик академия директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Абдусамат Ҳайдаров кириш сўзи билан очиб, мазкур нашрларнинг мамлакатимизда дипломатия соҳасидаги билимлар ва илмий-таълимий адабиётларни ривожлантиришдаги аҳамиятига тўхталди. Ушбу китоблар дипломатия соҳасида тўпланган назарий билимлар ва амалий тажрибани тизимлаштириш, миллий дипломатия мактабининг илмий-услубий асосларини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
Тақдимотнинг биринчи қисмида “Дипломатик изоҳли луғат”нинг яратилиш тарихи, мақсади ва илмий-амалий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Мазкур нашр ўзбек тилида дипломатия соҳасига оид термин ва тушунчаларни тизимли равишда изоҳлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини аниқ ифодалаш ҳамда миллий дипломатик терминологияни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Таъкидланганидек, луғатни тайёрлаш жараёнида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Дипломатик академия олимлари ва мутахассисларининг илмий-тадқиқот тажрибаси, дипломатик амалиётдаги билимлари, шунингдек, инглиз, француз, рус, турк, озарбайжон ва бошқа тиллардаги ихтисослашган луғатлар, энциклопедиялар ҳамда илмий манбалардан фойдаланилди. Нашр халқаро дипломатик терминологияни ўзбек тилида ифодалашда ягона ёндашувни шакллантириш, таълим ва тадқиқот жараёнларида терминларнинг мазмун жиҳатидан аниқлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Қўлланманинг иккинчи қисми иқтисодий дипломатия масалаларига бағишланган бўлиб, унинг назарий асослари, мақсад ва вазифалари, ташқи иқтисодий сиёсатни амалга оширишдаги ўрни, экспортни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини илгари суриш ва янги бозорларни ўзлаштириш каби масалаларни қамраб олади. Шу орқали дарслик дипломатик хизматнинг назарий-ҳуқуқий асосларини унинг амалий вазифалари билан уйғунлаштиради.
Маърузачилар ўз чиқишларида тақдим этилган нашрларнинг илмий ва амалий қиймати, дипломатик кадрларни тайёрлаш тизимидаги ўрни, миллий дипломатия мактабини ривожлантириш ҳамда халқаро муносабатлар соҳасида ўзбек тилидаги илмий манбаларни кўпайтириш масалаларига эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур адабиётлардан олий таълим жараёнида, илмий тадқиқотларда ва дипломатик хизмат ходимларининг касбий малакасини оширишда фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тақдимот якунида иштирокчилар нашрларнинг аҳамияти юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдириб, уларнинг таълим, илмий-тадқиқот ва дипломатик амалиёт учун муҳим манба бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Мазкур тақдимот Дипломатик академиянинг дипломатик таълим ва илмий-услубий салоҳиятни ривожлантириш, миллий дипломатия мактабини мустаҳкамлаш ва соҳадаги илмий адабиётлар базасини бойитиш борасидаги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлди.
Гулноза Бобоева,
Фарҳод Абурасулов(сурат),
ЎзА