Арзонлаштирилган байрам ярмаркаси аҳолига манзур бўлмоқда
Боёвут туманида аҳоли ва харидорлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этилган арзонлаштирилган байрам ярмаркаси катта қизиқиш ва фаол иштирок билан ўтмоқда.
Маҳаллий аҳоли ушбу ташаббусни алоҳида қадрлаб, ярмаркада тақдим этилаётган маҳсулотлар сифати ҳамда нарх-наволарнинг барқарорлигидан мамнун эканини билдиришмоқда.


Яқинда тайинланган туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов деҳқон бозорига ташриф буюриб, савдо расталари фаолияти ҳамда харидорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Ташриф давомида бозор ҳудудида автотураргоҳлар ташкил этиш, навбат тизимини такомиллаштириш ҳамда харидорлар учун янада қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳоким аҳоли ва фермерлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бозорларда маҳсулотлар тури ва сифатини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар берди.


Ярмарка савдо расталари ҳар куни янги ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириб борилмоқда. Жумладан, картошка, пиёз, гўшт маҳсулотлари, гуруч, ёғ-мой ҳамда байрам дастурхони учун зарур бўлган турли ноз-неъматлар харидорларга арзон нархларда таклиф этилмоқда. Харидорлар ҳар қадамда байрамона муҳитни ҳис қилаётган бўлса, савдо расталари ҳашаматли дастурхонлар учун зарур маҳсулотлар билан бойитилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири