Архив ишига оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги қонунга архив иши соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини, нодавлат архивларни ва электрон архивларни ташкил этишга доир қоидаларни ҳамда архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатларини аниқлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилмоқда. Тадбиркорлик субъектларига амалга оширилиши учун лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракат)лар билан “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими доирасида лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олмасдан уч ой муддат давомида шуғулланиш имконияти яратилмоқда.

Қонун ташаббускорлари ушбу қонун архив ишининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларни тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб этишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Қўмита аъзолари, маҳаллий кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари раислари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир якунида ушбу қонунни навбатдаги қўмита мажлисида кўриб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА