Қарши шаҳар ҳокимининг қарорлари хўжакўрсингами?
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Uza.uz сайтида жорий йилнинг 12 май санасида «Ҳуқуқи поймол бўлган тадбиркор дардини ким эшитади?» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Uza.uz сайтида жорий йилнинг 12 май санасида «Ҳуқуқи поймол бўлган тадбиркор дардини ким эшитади?» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Унда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фаолият юритаётган «Гулнора» савдо дўконини юритиб, фойдаланиб келаётган тадбиркор Руйиддин Иззатуллаевнинг тадбиркорлик фаолиятига мутасадди ташкилот вакиллари тўсқинлик қилаётгани ҳақида сўз борган.
Мақолада тадбиркор бир неча йиллардан буён Қарши шаҳрида жойлашган «Гулнора» савдо дўконини юритиб фойдаланиб келаётгани, аммо Қарши шаҳар архитектура бошқармаси ходимларининг ёлғон маълумот беришлари натижасида савдо дўкони олдига бекат қуриб тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётгани баёт этилган.
Хўш, ўтган давр мобайнида ушбу муаммони ҳал этиш бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан қандай амалий ишлар бажарилди?
Ноқонуний бекат қурилиши ҳамон давом этаётганига қараганда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ҳеч қандай тайинли иш олиб борилмаяпти? Йўқса, қурилиш жараёни аллақачон тўхталиши керак эди.
Муаммони чуқурроқ ўрганиш учун воқеа жойига яна бордик. Қурилиш ишларини давом эттираётган қурувчи билан суҳбатлашдик. Ҳужжатлар билан танишдик. Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 февралдаги HQ-466/02-сонли қарори билан фуқаро Ғуломов Шайдуллога Қарши шаҳар Амир Темур кўчасидан енгил типдаги сендвич панелдан “Wi-Fi тарқатувчи объект, автобус бекати ва савдо дўкони” шохобчасини ўрнатиш учун 48 квадрат метр майдон ажратилиши айтилган. Эътибор қилинг Амир Темур кўчасидан, айнан «Гулнора» дўкони олдидан қурилсин дейилмаган. Демак шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, бекат аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари норозилигига сабаб бўлмайдиган, кўчадаги муносиб жойдан қурилиши лозим эди.

Бу ҳам майли қурилаётган бекат лойиҳада кўрсатилган талаблар бўйича қурилмаган. Бундан ташқари жисмоний шахс томонидан ҳеч бир қурилиш тажрибасига эга бўлмасдан туриб қурилиш ишларини олиб бориши мумкинми ўзи? Ушбу саволларга атрофлича жавоб олиш мақсадида қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султоновни, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Жасур Чориевни воқеа жойига чақирдик. Мутасаддилар чақирувимизга биноан келишди, аммо масалага ҳеч қандай изоҳ бермасдан тезда жуфтакни ростлаб юборишди. Шундан сўнг неча марталаб телефон орқали боғланишга ҳаракат қилсакда, буни иложи бўлмади. Нега? Агар мазкур қурилиш қонун талабларига тўла мос қурилаётган бўлса, масъуллар нега изоҳ беришдан қочмоқда? Ушбу ҳолат билан боғлиқ бизга маълум бўлмаган бошқа сабаблар ҳам борга ўхшайди...
Сайтда танқидий мақола эълон қилингандан сўнг фуқаро Шайдулло Ғуломовга жорий йил 20 май санасида Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Чориевнинг огоҳлантириш хати жўнатилган ва унда шундай дейилган: “Сизга, Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 февралдаги HQ-466/02-сонли қарорига асосан Қарши шаҳар Амир Темур кўчасидан енгил типдаги сендвич панелдан “Wi-Fi тарқатувчи объект, автобус бекати ва савдо дўкони” шохобчасини ўрнатиш учун 48 квадрат метр ер майдони ажратилган.
Ушбу “Wi-Fi тарқатувчи объект, автобус бекати ва савдо дўкони”нинг қурилиш ишлари лойиҳадан четлашган ҳолда олиб борилаётганлиги ҳамда аҳоли эътирозига сабаб бўлаётганлиги туфайли, Сизга ажратилган мазкур ер майдони Қарши шаҳар ҳокимлигининг захира ер фонди ҳисобига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирамиз”.
Шундан сўнг 3 июнь санаси Қарши шаҳар ҳокимлигини қуйидаги мазмундаги хати жўнатилган. «... қурилган объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда рухсатсиз қўшимча қурилиш ишларини бажармаслик» юклатилган бўлсада, бироқ Сиз томонингиздан ҳозирги кунга қадар ушбу қарор солиқ тўловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳамда қарор талабидан келиб чиқиб объект деворларини енгил типда сендвич панелдан эмас балки, «блок ғишт»дан девор кўтариб, қурилиш ишларини олиб боргансиз.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми 6-бандида «ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида», 9-бандида “қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек, ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда” ушбу ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинади деб баён этилган.
Шу боисдан, Қарши шаҳар ҳокимининг 24.02.2020 йилдаги HQ-466/02-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг талабларидан келиб чиқиб, бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилмоқдасиз”.
Фуқаро Шайдулло Ғуломовга жорий йил 8 июнь санасида эса Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Чориевнинг қурилиш ишларини тўхтатиши таъкидланган яна бир огоҳлантириш хати жўнатилган. Унда “... Мазкур қарорнинг 2-банди 4-кичик бандида «қурилган объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда рухсатсиз қўшимча қурилиш ишларини бажармаслик» юклатилган бўлсада, бироқ Сиз томонингиздан ҳозирги кунга қадар ушбу қарор солиқ тўловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳамда қарор талабидан келиб чиқиб объект деворларини енгил типда сендвич панелдан эмас балки, «блок ғишт»дан девор кўтариб, қурилиш ишларини олиб боргансиз. Шунга кўра Қарши шаҳар ҳокимининг 24.02.2020 йилдаги HQ-466/02-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг талабларидан келиб чиқиб, бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирамиз” дейилган.
Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан шунча ҳужжатлар чиқарилганига қарамай, бекат қурилиши бир баҳяга бўлсада тўхтагани йўқ. Хўш, нега? Нима учун Фуқаро Шайдулло Ғуломов ушбу ҳужжатларни назарга илмаяпти ёки Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг чиқараётган ҳужжатлари, хўжакўрсингами? Ваҳоланки шаҳар ҳокими Н.Холбоев 24.02.2020 йилдаги HQ-466/02-сонли қарорининг 3-бандида «Фуқаро Ғуломов Шайдуллога келгусида ер майдони давлат ва жамоат заруриятига олинган тақдирда, олинган ер майдони учун компенсация тўлаб берилмаслиги ҳамда огоҳлантириш хатига асосан уч кун муддатда ер майдонини бўшатиб қўйишлиги тушунтирилсин» дея таъкидланган ҳам. Ўрганишлар шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан бекат қурилиши билан боғлиқ ишлар атайлаб эътиборсиз қолдирилаётгандай таассурот уйғотмоқда.
Шу ўринда битта ҳақли савол туғилади. Фуқаро Шайдулло Ғуломовга шу ердан бекат қуравер, деган рухсатни ким берган? Ҳар ҳолда ўзидан ўзи тўғри келиб шу ердан қурмагандир. Унга мана шу ҳуқуқни берган ҳам шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг ўзи эмасми? Ш.Ғуломов билан суҳбатлашганимизда у бу фикрларимизни тасдиқлади. Энди келиб бузасан, деганда қилган харажатларини иддао қилиб, бузишдан бош тортаётганини таъкидлади. Хўш, бу чалкашликлар ким туфайли келиб чиқди. Бекатнинг лойиҳасини тузаётганлар ва имзоси билан тасдиқлаётганлар ушбу чалкашлик ҳақида нега олдинроқ ўйлаб кўришмаган? Бу англашилмовчилик охир оқибат тадбиркор ва фуқаро ўртасидаги тортишувга сабабчи бўлди.
Бизнес-омбудсман вакил девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари Ш.Шодиев ва М.Исмоиловлар берган маълумотларда ҳам Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг худди шундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари акс этган.
Бизга тақдим этилган маълумотда шундай дейилган: “Кейинги вақтларда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатига қарорлар қабул қилишда жиддий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги кузатилмоқда. Аниқланишича, Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари (ҳокимлик юрисконсульти, қурилиш бўлими ходимлари) томонидан ўзига юклатилган вазифа ва функцияларини етарли даражада бажармаганлиги натижасида 2019-2020 йиллар давомида тадбиркорлик субъектлари манфаатлари учун чиқарилган шаҳар ҳокимининг 5 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Шунингдек, Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари томонидан Қарши шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаровнинг ҳатти-харакатлари юзасидан бир неча бор шикоят қилишган.
Таъкидлаш лозимки, бош юрисконсультнинг мансаб лавозимига совуққонлиги натижасида Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларида чиқарилган қарорларни амалдаги қонун ҳужжатларига зид тарзда бекор қилиш амалиёти мавжуд. Жумладан, Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 18 октябрдаги X-3955/10-сон қарори билан “NAJMIDDIN QIZI SAMIRABONU” МЧЖга мини футбол майдончаси ва машғулот зали биноси қуриш учун 1840,0 кв метр ер майдони ажратилган.
Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жорий йил 23 мартда “NAJMIDDIN QIZI SAMIRABONU” МЧЖга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сон қарорига зид тарзда электрон аукцион орқали ер берилмаганлиги таъкидланиб, 10.2-775/20-сон протест келтирилган.
Шаҳар ҳокимининг 2020 йил 3 апрелдаги HQ-857/04-сон қарори билан протест қаноатлантирилиб, “NAJMIDDIN QIZI SAMIRABONU” МЧЖ манфаатига чиқарилган қарор бекор қилинган.
Қарши шаҳар қурилиш бўлимининг 2020 йил 5 майдаги 769-сон маълумотномасида қайд қилинишича “NAJMIDDIN QIZI SAMIRABONU” МЧЖ ажратилган ер майдони Қарши шаҳри, Отчопар МФЙ ҳудудида жойлашган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар массиви ҳудудида жойлашган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида Низомнинг (2019 йил 23 декабрдан ўз аҳамиятини йўқотган) 2-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарорига мувофиқ намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилаётган массивларга ушбу низом талаби татбиқ қилинмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ–5495-сон «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг
1-бандига кўра давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, «Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида»ги қонунининг 59-моддасининг бешинчи қисмига кўра манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
Юқоридагиларга мувофиқ, Қарши шаҳар маъмурий судининг жорий йил 11 июндаги ҳал қилув қарори билан ҳокимликнинг “NAJMIDDIN QIZI SAMIRABONU” МЧЖ манфаатига зид тарзда чиқарилган қонуний қарори бекор қилинди”.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қонун ҳамма учун баробар ва уни бузиш, ўзининг манфаатига мослаб олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ўйлаймизки, Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бекат масаласи билан боғлиқ чалкашликни тез кунларда ҳал этишади.
Мавзуга ҳали яна қайтамиз.