Ҳуқуқи поймол бўлган тадбиркор дардини ким эшитади?
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
Бир мурожаат изидан
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундай қулайликлардан фойдаланган борки ўз бизнесини йўлга қўйиб, жамиятга фойдаси тегмоқда.
Бироқ баъзи ҳолларда тадбиркорнинг қонуний манфаатлари қўпол равишда бузилаётгандек. Масалан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Гулнора” савдо дўконини юритиб, фойдаланиб келаётган тадбиркор Руйиддин Иззатуллаев мутасадди ташкилот вакиллари тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаб, бизга мурожаат қилди.
– Айрим ҳолатларда истисно тариқасида мутасадди раҳбарларнинг ҳукумат қарорларини тан олмасдан тадбиркорнинг қонуний манфаатларига беписанд муомалада бўлаётгани ачинарли, – дейди Р.Иззатуллаев. – Маҳаллий раҳбарларнинг Ҳукумат қарори ижросига бефарқлик ва лоқайдлик билан қарашлари оқибатида биз каби тадбиркорларнинг муаммоларимиз кўпайишига олиб келмоқда ва юқори ташкилотларга мурожаат қилишимизга сабаб бўлмоқда. Масалани ҳукуматимизнинг қонун ва қарорлари билан асослаб берсакда, мутасадди раҳбарлар ушбу қонун ва қарорларга беписандлик билан қарашмоқда ёки қонун ва қарорлар фақатгина оддий халқ учунми? Жойлардаги раҳбарлар унга бўйсунмайдими?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир”, дея таъкидланган.
Муаммо шундаки, бир неча йиллардан буён оиламиз билан Қарши шаҳрида жойлашган “Гулнора” савдо дўконини юритиб фойдаланиб келмоқдамиз. Аммо Қарши шаҳар архитектура бошқармаси ходимларининг ёлғон маълумот беришлари натижасида савдо дўконимиз олдига бекат қуриб тадбиркорлигимизга тўсқинлик қилинмоқда.
Яъни савдо дўконимиз олд томонидан бекат қурилмоқда. Аслида бекат дўконимиз ён тарафида бўлиши керак эди. Олдинроқ бекатни қуришга келган қурувчидан ҳужжатлар чизмасини кўрсатишини сўрадик. У кўрсатган чизмада дўконимиз ён тарафида бекат қурилиши керак эди. Бизлар чизма бошқа томондаку нима учун бу ердан қурасан ҳокимият бошқа жойни белгилаб берган, деганимиздан сўнг қурувчи вилоят архитектурасида ишлайдиган Зафар исмли масъул ходимни олиб келди. Чизма бўйича қурасан деганимиздан сўнг қурувчи ва масъул ходим қайтиб кетганди. Аммо карантин вақтида уйга ўтирганимиздан фойдаланиб бошқармада ишлайдиган масъул ходим чизмасини ўзгартириб келиб дўконимиз олдига бетон қуйдириб блок тердирган. Ушбу мурожаат билан Президент ишонч телефонига, Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Президент виртуал қабулхонасига юборган мурожаатимизга фуқаро Р.Иззатуллаев тушунтириш хати ёзишдан ҳамда далолатномага имзо қўйишдан бош тортди, деб ёлғон маълумот берилган. Аслида биз карантин вақтида уйда эдик ва ҳеч қандай далолатномани ҳам, тушунтириш хатини ҳам ҳеч ким биздан талаб қилгани йўқ.
Қурилаётган бекат ҳам номига бекат, аслида савдо мажмуаси. Дўконимиздан бор-йўғи уч метр узоқликда. Майли, биз шаҳарсозлик қоидаларига, замонавий бекатлар қурилишига қаршилигимиз йўқ, лекин бир тадбиркорнинг ҳуқуқий манфаатини бузиш эвазига бошқасини ривожлантириб бўлмайдику. Шу ерда 25-30 йилдан буён оилавий тадбиркорлик қилиб келамиз. Қанча қаршилик қилишимизга қарамай биз йўқлигимизда, 12 метрлик бекатнинг пойдевор ва деворларини қуриб кетишибди. Дардимизни кимга айтайлик. Бирорта мутасадди раҳбар мурожаатларимизни тингламаяпти.
Ўйлаймизки, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва соҳага алоқадор мутасадди раҳбарлар томонидан мазкур муаммога ечим топилади.
Мавзуга ҳали қайтамиз.