Арнасойда 30 миллион долларлик янги корхона
Инвестициянинг ҳақиқий қиймати унинг миқдори билан эмас, ҳаётда қандай натижа олиб кириши билан ўлчанади. Янги корхона, замонавий технология, иш ўрни, маҳаллий маҳсулот ва иқтисодий фаоллик – сармоянинг самарасини кўрсатадиган муҳим мезонлар. Жиззах вилояти Арнасой туманида амалга оширилаётган йирик лойиҳа ана шу жиҳатлари билан эътиборга молик.
Туманнинг “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Хитой Халқ Республикасининг “Bashiran Co., Ltd” компанияси билан ҳамкорликда томчилатиб суғориш технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона қурилиши изчил давом этмоқда. 4,5 гектар майдонда қад ростлаётган мазкур мажмуа ҳудудда янги саноат йўналишини шакллантириш билан бирга, қишлоқ хўжалигининг бугунги эҳтиёжига ҳам жавоб беради.
Зеро, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш аграр соҳанинг барқарорлигида муҳим омил. Шу нуқтаи назардан, томчилатиб суғориш тизимлари учун зарур маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришнинг аҳамияти катта. Бу нафақат ички бозор эҳтиёжини таъминлаш, балки фермер ва томорқа эгалари учун замонавий, сифатли маҳсулотларни яқин манбадан етказиб бериш, сувни тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш имконини ҳам оширади.

Мазкур ҳамкорлик 2025 йилда амалий босқичга кирди. Ўша йили Арнасой тумани ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг “Bashiran Co., Ltd” компанияси ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди. Шундан сўнг белгиланган вазифалар асосида қурилиш ишларига киришилиб, бугун лойиҳа аниқ бунёдкорлик жараёнига айланган.
Бу жиҳатни давлатимиз раҳбари раислигида 2025 йил 16 январда инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг кўриш мумкин. Унда инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг асосий вазифаси экани таъкидланиб, ҳар бир лойиҳанинг “ичига кириб”, ишни унумли ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Бу талабнинг моҳияти шундаки, сармоя қоғоздаги рақам бўлиб қолмасдан, ишлаб чиқариш ва одамлар фаровонлигига хизмат қилиши керак.

Арнасойдаги лойиҳа ана шу ёндашувнинг амалий кўринишларидан бири. Унинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида илғор технологиялар ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Демак, хорижий сармоя бу ерда шунчаки қурилишга йўналтирилган маблағ эмас, балки янги технологик имкониятларни ҳудудга олиб кириш ва ишлаб чиқаришни замонавий асосда ташкил этиш воситасидир.
Корхона ишга тушгач, томчилатиб суғориш технологиялари учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Натижада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти кенгаяди, маҳаллийлаштириш даражаси ошади. Келгусида ишлаб чиқариш салоҳиятининг ўсиши экспорт йўналишларини кенгайтириш учун ҳам замин яратиши мумкин.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – бандлик. Корхона фаолияти йўлга қўйилгач, 100 дан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланади. Бу эса хорижий инвестициянинг самарасини бевосита инсон тақдири, оила даромади ва ҳудуддаги меҳнат бозори билан боғлайди.

Айни пайтда қурилиш майдонида ишлар қизғин. Қад ростлаётган янги корхона ҳудуд иқтисодиётига келадиган ўзгаришларнинг дастлабки белгиси. Эртага бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулот сувни тежашга хизмат қилади, юздан зиёд инсоннинг меҳнат фаолиятига йўл очади, янги технологик имкониятларни кенгайтиради.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири