Тўқсонбости: мўл ҳосил сирлари ошкор этилди(+видео)
Кузда экилган уруғ баҳорда мўл ҳосил бериши учун нима қилиш керак? Тўқсонбости экинларининг ўзига хос сирлари борми? Мутахассисдан юқори ҳосилдорликка эришишнинг муҳим жиҳатларини билиб олинг.
Тўқсонбости – бу қишлоқ хўжалигида кузда, одатда сентябрь ёки октябрь ойларида экиладиган экинлар бўлиб, баҳорда ҳосил беради. Бу экинлар асосан кеч кузда ўстирилади ва қишнинг совуқ даврида тупроқ остида ривожланади. Бундай экинларни етиштиришда жуда кўп жиҳатлар ҳам борки, буни билмасдан мўл ҳосил олиш қийин. Масалан, тупроққа ишлов бериш, органик ўғитлар билан тўйинтириш, экиладиган уруғларнинг сифати, совуқ тушганда қилинадиган агротехнологиялар, тупроқнинг намлигини сақлаш каби омиллар ҳосил тақдирини ҳал қилади. Тўқсонбости экинларини экиш сирлари юзасидан Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши бўлим бошлиғи Фахриддин Суюнов билан суҳбатлашдик.
- Фахриддин ака айтинг-чи тўқсонбости экинларини экиш учун деҳқонларимиз аввало нималарни билиши керак?
- Деҳқончиликнинг илк қадами бу – тўқсонбости усули билан маҳсулот экишдан бошланади. Чунки, тўқсонбости усулида экилган экинлар қиш давомида етарли намликни олиб, етарли совуқни олиб, қорларнинг тагида қолиб, жуда мустаҳкам бўлиб эрта баҳорда биринчи чиқадиган маҳсулот ҳисобланади. Дори ҳам, сув ҳам кўп талаб қилмайди. Жорий йилда республикамиз бўйича 117 минг гектардан ортиқ фермерларимиз, деҳқонларимиз дала майдонларига, боғ қатор ораларига тўқсонбости усулида маҳсулотлар экиш мўлжалланган. Август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилади. Бу йил 43.7 минг гектар фермерларимиз далаларига пиёз ва саримсоқпиёз экиш мўлжалланган. Бу ишлар деярли якунланиб қолди. Жараён якунлангач, сабзавотнинг бошқа турлари экилади. Асосан булар “дуга” усулида парваришланиб, эрта баҳорда бозорларга чиқарилади. Қўшимча иситиш талаб этилмайдиган ўсимлик турлари ҳисобланади.
- Тўқсонбости экинларининг ҳам ўз агротехнологияси борми?
- Албатта, мана ҳозир август-сентябрь ойларида икки хил усулда пиёз экилади. Бу уруғ усулида ва томир орттириб, кўчат усулида. Бу усул Сурхондарё вилоятида жуда ривожланган. (давоми видеода)
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА