АҚШ янги санкциясининг таъсири қандай?
“Atlantic Council” таҳлилчилари фикрича, Россияга қарши янги санкция тўғрисидаги қонун лойиҳаси нафақат Москва, балки Россия энергия ресурсларининг бошқа йирик харидорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Зеро, ҳужжатда РФ нефти ва газини сотиб олишда давом этаётган мамлакатларга 100 фоизгача қўшимча тариф жорий этиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, рус нефтининг энг йирик импортчилари ҳисобланган Хитой, Ҳиндистон ва Туркия янги қонундан энг кўп зарар кўриши мумкин. Масалан, Ҳиндистон муқобил етказиб берувчиларни фаол равишда излашга мажбур бўлади. Хитой янги чекловга ўз савдо чораси билан жавоб бериши кутиляпти. Бу ҳолат Қўшма Штатлар билан муносабатда янги кескинлик келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, АҚШ ташаббуси Россия молия ва энергетика соҳаларига қарши санкцияни умумлаштиради. Демак, келажакда Америка маъмурияти томонидан мазкур чоралар бекор қилиниши жараёни мураккаблашади. Бинобарин, мутахассислар қонун лойиҳасига Эрон киритилишини шунчаки рамзий қадам сифатида баҳоламоқда. Яъни, Теҳрон шундоғам кенг қамровли санкция остида.
Дарвоқе, экспертлар навбатдаги ташаббуснинг самарадорлиги нафақат қабул қилиниши, балки Вашингтон томонидан янги ва амалдаги чекловлар қанчалик изчил қўлланишига ҳам боғлиқлигини таъкидламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА