АҚШ Хитойга бош эгадими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп шу ҳафта Хитойга муҳим ташриф билан боради. Бир йил аввал Пекинни тариф орқали иқтисодий жиҳатдан тиз чўктиришини айтган Оқ уй раҳбари бу галги музокара олдидан анча мураккаб вазиятга тушган.
Эрон уруши, нефть инқирози ва мамлакат ичида кучайган танқид Вашингтон позициясини заифлаштиргандек. Энди Америка маъмурияти Пекиндан Теҳронга таъсир ўтказиб, можарони юмшатишда ёрдам сўраяпти. Таҳлилчилар фикрича, бу ҳолат Қўшма Штатларнинг ХХРга қарамлиги кучайганини кўрсатмоқда.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин эса учрашувга кучли мавқе билан келмоқда. Пекин сўнгги ойларда нодир металлар экспорти ва савдо чеклови орқали Вашингтонга иқтисодий босимни оширди. Шу боис кўплаб экспертлар музокарани АҚШ учун “мажбурий дипломатик қадам” сифатида баҳоламоқда.
Мулоқот давомида тариф, Тайвань, Эрон уруши ва савдо муносабати муҳокама қилинади. Кўпчилик кузатувчилар ҳозир жиддий келишув эмас, балки муваққат ва нозик “савдо сулҳи”га эришилиш эҳтимоли юқорилигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА