АҚШ Хитойдан робот импортига чекловларни кучайтирмоқчи
АҚШ Савдо вазирлиги миллий хавфсизликка таҳдидлар туфайли Хитойдан робот импортига янги чекловлар қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар тарқатди “Politico” нашри ўз манбаларига таяниб.
Таъкидланишича, Савдо вазирлиги ҳозирда ХХР ҳукуматидан субсидиялар оладиган хитойлик робот ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини баҳоламоқда. Қўшма Штатлар маъмурияти Пекиннинг ушбу соҳани қўллаб-қувватлашини миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўриб чиқмоқда, чунки “субсидияланган роботлар глобал бозорларни эгаллаб олишлари мумкин”.
Нашр манбаларига кўра, АҚШ ҳукумати назарида, сунъий интеллект чипларидан ташқари, робототехника Хитой билан технологик рақобатдаги кейинги “жанг майдонига” айланган.
Хабарларга кўра, мамлакат савдо вазири Говард Лутник АҚШнинг етакчи робототехника компаниялари ва молия институтлари вакиллари билан учрашув ўтказган. Улар орасида “SpaceX”, “Boston Dynamics”, “Siemens”, “Rockwell Automation” ҳамда “JPMorgan Chase” ва “Goldman Sachs” корпорациялари вакиллари ҳам бор эди.
С.Раҳимов, ЎзА