Амир Темур салтанати пойтахти испан элчиси Рюи Гонзалес Де Клавихо нигоҳида
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, у қурган улкан салтанат ҳақида кўплаб ёзма манбаларда сўз юритилади. Уларни шартли равишда икки катта гуруҳга: Шарқ ва Ғарб манбаларига ажратиш мумкин.
Шарқ муаллифлари одатда Соҳибқироннинг келиб чиқиши, сиёсий курашлари, ҳарбий юришлари, давлат бошқаруви ва салтанат тузилиши ҳақида батафсилроқ маълумот беради.
Ғарб манбалари эса, айниқса, Амир Темур саройига келган элчилар, саёҳатчилар ва бевосита кузатувчиларнинг қайдларидан иборат. Шу боис Амир Темур шахсияти ва унинг даврини тўлақонли тушуниш учун ҳар икки гуруҳ манбаларига мурожаат қилиш лозим.
Шарқ манбалари орасида, аввало, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асари алоҳида ўрин тутади. Бу асар Амир Темур ҳақидаги дастлабки ва муҳим ёзма манба ҳисобланади. Низомиддин Шомий сарой муҳитига яқин бўлган ва воқеаларни бевосита гувоҳлардан ёзиб олган. Асарда Темурнинг сиёсий майдонга кириб келиши, ҳокимият учун кураши, ҳарбий юришлари ва улкан салтанат қурганлиги ёритилади. Бироқ сарой йилномаси сифатида бу асарда Амир Темур шахсини улуғлаш руҳияти кучлироқ.
Амир Темур ҳақидаги яна бир муҳим манба Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асаридир. Бу асар Соҳибқирон вафотидан кейин ёзилган бўлиб, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг янада пухта ишланган ва бойитилган талқинини беради. Муаллиф Низомиддин Шомий маълумотлари, темурийлар саройига яқин шахсларнинг оғзаки ҳикояларига таянган. Шу боис Яздий асари Амир Темур ҳақидаги энг машҳур ва кенг тарқалган манбалардан бирига айланган. Унда ҳарбий юришлар, дипломатик муносабатлар, сарой ҳаёти кенгроқ тасвирланган. Айни пайтда, бу манбада ҳам Амир Темур ва темурийлар сулоласини улуғлашга мойиллик сезилиб туради.

Шарқ манбалари ичида Ибн Арабшоҳ асари алоҳида эътиборга лойиқ. У сарой тарихчиларидан фарқли равишда Амир Темурга нисбатан анча танқидий ва салбий муносабатда бўлган. Унинг қарашлари Соҳибқирон юришларидан азият чеккан шахс қарашлари эди. Чунки Ибн Арабшоҳ оиласи билан бирга Амир Темурнинг Шом юришидан кейин Самарқандга кўчирилган эди. Шу сабабли Ибн Арабшоҳ Амир Темурни қаттиққўл истилочи сифатида тасвирлайди. Гарчи асарни ёзишда Ибн Арабшоҳ ҳиссиётларга ортиқча берилган бўлса ҳам, унинг асарини сарой тарихчилари асарларига солиштириш орқали тарихга холис боқиш мумкин.
Ғарб манбалари орасида эса, аввало, Кастилия элчиси Рюи Гонсалес де Клавихонинг кундаликлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу манбанинг аҳамияти шундаки, Клавихо Самарқандга келган, Амир Темур саройи муҳитини кўрган ва ўз таассуротларини аниқ қайд этган. У пойтахт Самарқанд, сарой маросимлари, хорижий элчиларни қабул қилиш тартиби, меъморий обидалар ва Амир Темурнинг сўнгги йиллари ҳақида ниҳоятда муҳим маълумотлар беради. Клавихо асарининг ўзига хослиги ундаги маълумотларнинг бевосита кузатувга асослангани ва нисбатан бетараф ёзилганидадир.
Ғарб муаллифлари орасида Иоганн Шилтбергернинг “Эсдаликлари” ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Салиб юришларида қатнашиб аввал Усмонли туркларга, Анқара жангидан кейин эса темурийларга асир тушган муаллиф маълум муддат Амир Темурнинг ўғиллари Шоҳруҳ ва Мироншоҳ Мирзолар саройига яқин муҳитда яшаган ҳамда ўз даврининг ҳарбий-сиёсий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. Унинг маълумотлари Клавихоникидек батафсил бўлмаса-да, Амир Темур шахсияти ва унинг ҳарбий қудрати ҳақидаги европаликнинг тасаввурларини бойитган.

Кўриб чиқилган асарлар орасида Рюи Гонсалес де Клавихо асари, айниқса, диққатга сазовордир. Чунки муаллиф Амир Темур давридаги Самарқанднинг ташқи қиёфаси, сарой маросимлари, давлат тартиби, шаҳарсозлик, савдо, шаҳар атрофидаги боғлар ва меъморий ёдгорликларни ўз кўзи билан кўриб тасвирлайди.
Амир Темур давридаги Самарқанд ҳақида кўп ёзилган. Аммо пойтахтнинг нақадар улкан, гавжум, бой ва тартибли бўлганини кўрсатиб берадиган энг қимматли манба шубҳасиз Кастилия қироли Генрих III элчиси Рюи Гонсалес де Клавихо кундаликларидир. У узоқ ва машаққатли сафардан сўнг Амир Темур саройига етиб келган ва кўрган-кечирганларини батафсил қайд этган. Шу боис Клавихо берган маълумотлар бугун ҳам Амир Темур давридаги Самарқанд қиёфасини тиклашда ноёб манба бўлиб хизмат қилади.
Клавихо элчилиги Амир Темур ҳузуридаги элчиликлар ичида энг машҳурларидан биридир. Элчилар Испаниядан 1403 йилда йўлга чиқиб, 1404 йил 31 августда Самарқандга келади ва 1404 йил 21 ноябрда орқага қайтадилар. Шу қисқа вақт ичида элчи Амир Темур саройининг тантаналари, давлат бошқаруви, йўл тизими, савдо, боғлар, саройлар ва пойтахт ҳаёти ҳақида ҳам муҳим маълумотлар тўплаган.
Клавихо Самарқандни яшилликка бурканган шаҳар сифатида тасвирлайди. Унинг ёзишича, шаҳар атрофи тўлиқ боғлар, узумзорлар, полизлар ва мевали дарахтлар билан қопланган эди. Самарқандга яқинлашар экан, сайёҳ кўз ўнгида биринчи навбатда қалин яшиллик гавдаланади. Гўё шаҳар оддий деворлар ичида эмас, балки боғлар ичида яшаётгандек таассурот уйғотади. Кўчалари, майдонлари, сув иншоотлари ҳам ана шу ям-яшил манзара билан уйғунлашиб кетган.
Клавихо Самарқанднинг ўзидан ҳам кўра унинг атрофидаги боғлар ва қасрлар тизимига алоҳида эътибор беради. Амир Темур йилнинг маълум фаслларида ана шу боғ саройларда истиқомат қилган. Элчи, айниқса, бу боғларнинг тартиби, йўлаклари, ҳовузлари, суғориш тизими ва ҳашаматли биноларига қойил қолади.
Клавихо маълумотлари ичида энг муҳими Амир Темур давлатидаги йўл ва почта тизими ҳақидаги маълумотлардир. Клавихо йўл бўйлаб маълум масофаларда махсус бекатлар ташкил этилгани, уларда сафар қилувчилар учун отлар, озиқ-овқат ва хизматкорлар тайёр туришини ёзади. Айниқса, ҳукмдор элчилари ёки давлат топшириғи билан йўлга чиққан кишилар фавқулодда тезлик билан ҳаракатлана олган. Бу марказий ҳокимиятнинг кучлилиги, улкан ҳудудни бир марказдан бошқариш учун мунтазам алоқа зарур бўлганини кўрсатади. Клавихонинг ёзишича, Темур давлатида тезкорлик ва интизом алоҳида қадрланган.
Самарқандга олиб келинган аҳоли ва усталар масаласи ҳам Клавихо эътиборидан четда қолмайди. У Амир Темур забт этган мамлакатлардан кўплаб ҳунармандлар, меъморлар, заргарлар, тўқувчилар, қуролсозлар ва бошқа усталарни Самарқандга кўчириб келганини ёзади. Натижада шаҳарда турли ўлкаларнинг тажрибаси, санъати ва ҳунари жам бўлган. Клавихо ҳатто Самарқандда деярли ҳар қандай касб эгасини учратиш мумкинлигини таъкидлайди. Бу Амир Темур пойтахтининг жаҳон миқёсидаги йирик ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш марказига айланганидан далолат беради.
Клавихонинг Самарқанд ҳақидаги муҳим маълумотларидан бири – бу ердаги савдонинг гавжумлиги билан боғлиқ. У Самарқандга Хитойдан нозик ипак ва атласлар, Ҳиндистондан зираворлар, турли мамлакатлардан қимматбаҳо тошлар, чарм, матолар ва бошқа ноёб буюмлар келтирилганини ёзади. Шаҳар бозорларида савдо қизғин кечган, маҳсулотлар кўплиги ва нархларнинг арзонлиги элчини ҳайратга солган. Самарқанд бу пайтда Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган улкан халқаро савдо маркази бўлган.
Амир Темурнинг шаҳарсозлик сиёсати ҳақида ҳам Клавихо жуда қимматли маълумот беради. Унинг ёзишича, Соҳибқирон Самарқандда савдо учун қулайлик яратиш мақсадида шаҳар бўйлаб катта кўча ва савдо йўлаги қурдирган. Зарур ҳолларда қурилиш учун аҳоли бошқа ҳудудга кўчирилган, иш кечаю кундуз давом этган. Бу жараёндан Амир Темурнинг пойтахтни улкан савдо марказига айлантириш йўлидаги қатъияти сезилиб туради.
Клавихо қайдларида Кеш, бугунги Шаҳрисабз ҳам муҳим ўрин тутади. У Амир Темурнинг бу шаҳарга алоҳида меҳр қўйганини, шаҳар унинг болалик хотиралари билан боғлиқлигини ёзади. Оқсаройни ниҳоятда улуғвор деб таърифлайди. Бироқ Амир Темур салтанатининг асосий сиёсий ва рамзий маркази барибир Самарқанд эди. Элчи қайдларидан Соҳибқироннинг бутун саъй-ҳаракати бу шаҳарни дунёнинг энг гўзал ва қудратли пойтахтларидан бирига айлантиришга қаратилгани яққол сезилади.
Клавихо кундаликларида Амир Темур давридаги бунёдкорлик ишлари кенг акс эттирилган. У Амир Темур бунёд эттирган масжидлар, мақбаралар ва саройлар ҳақида ёзади. Айниқса ҳашамат, олтин, ложувард, сирли безаклар, мармар, кошин ва нозик ишлов берилган нақшларни кўп тилга олади. Элчининг келтиришича, баъзи бинолар ҳали қурилиш жараёнида бўлган. Амир Темур касал бўлиб қолган пайтларида ҳам қурилиш ишларини назорат қилган, ишловчиларга гоҳ рағбат, гоҳ қатъий буйруқ бериб турган. Бу Соҳибқирон характерининг яна бир жиҳатини, қурилиш ва ободончиликка нисбатан фавқулодда талабчанлигини кўрсатади.
Самарқанднинг ички ҳаёти ҳам Клавихо эътиборидан четда қолмаган. У шаҳар кўчаларида кеча-кундуз савдо-сотиқ давом этгани, одамлар гавжумлиги, бойларнинг уйлари, хазинахоналар, устахоналар борлигини қайд этади. Арк ва хазинага кириш қатъий тартиб асосида бўлган.
Амир Темур саройидаги қабул маросимлари Клавихо кундаликларининг энг муҳим қисмларидан биридир. Элчилар ҳукмдор ҳузурига дарҳол киритилмаган, аввал махсус боғ-саройларда кутиб турилган. Сўнг белгиланган кунда улар тантанали маросим билан Амир Темур ҳузурига олиб кирилган. Клавихо Темурнинг ўтириш услуби, либоси, бош кийими, ёнидаги амирлари, неваралари ва сарой маросимларини майда тафсилотларигача ёзади. Бу қайдлардан Амир Темур саройида рамзий тартиб ва маросим ниҳоятда муҳим бўлганини билиш мумкин. Ҳар бир одамнинг жойи, юриши, таъзим тартиби ва совға топшириш қоидаси аниқ белгиланган.
Клавихо Амир Темурнинг ўзини ҳам қизиқарли тарзда тасвирлайди. Унинг ёзишича, Соҳибқирон бу вақтда анча қариб қолган, кўриши ҳам аввалгидек эмас эди. Шунга қарамай, у ҳамон дадил, элчилар билан суҳбатлашган, давлат ишларини бошқарган, қурилишларни кузатган, қабул маросимларини ўтказган. Элчи Амир Темурнинг сўзлари ва саволларидан унинг узоқ ўлкалар, ҳукмдорлар ва давлатлар билан алоқага катта аҳамият берганини сезади.
Самарқандда Клавихо гувоҳ бўлган энг катта воқеалардан бири ҳукмдор хонадонидаги тўйлар ва байрамлардир. Бу тантаналар шаҳар ва унинг атрофидаги боғларда, кўчма саройлар ва сон-саноқсиз чодирлар орасида ўтказилган. Элчи ўн минглаб чодирлар тикилгани, улар кўча-кўча бўлиб жойлаштирилгани, ҳунармандлар ва савдогарлар алоҳида-алоҳида жойлаштирилганини ҳайрат билан ёзади. У бу манзарани деярли алоҳида шаҳар пайдо бўлгандек тасвирлайди. Ранг-баранг матолар, устунли айвонлар, олтин ва кумуш билан безатилган буюмлар, катта тантаналар, буларнинг барчаси Амир Темур салтанати қудратини кўрсатиш воситаси бўлган.
Клавихо қайдларида сарой аёллари, айниқса, Сароймулкхонимнинг тантанали чиқиши ҳам тасвирланади. Бу маросимлар ҳам ниҳоятда дабдабали бўлган. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган кийимлар, баланд бош кийим, олтин ва кумуш безаклар, кўплаб хизматкорлар ва қатъий сарой одоби Амир Темур саройининг ички тартибини ҳам намоён этади.
Элчининг яна бир муҳим қайдлари Амир Темур давридаги бошқарув тизими ҳақидадир. Клавихо Амир Темур давлатида ҳар ким ўз вазифасини аниқ билишини, буйруқлар тез ёзилиб, тасдиқланиб, ижро этилишини ёзади. У давлат муҳрлари, ёзишмалар, хазинага оид ишлар, амирлар ва ноиблар фаолияти ҳақида қисқа бўлса-да, муҳим хулосалар беради. Бу кузатувлар Амир Темур салтанатининг қудрати яхши йўлга қўйилган бошқарув, алоқа ва назорат тизимига ҳам таянганлигини кўрсатади.
Клавихонинг қайд этишича, Самарқанддаги бойлик ва ҳашамат Амир Темурнинг ҳарбий ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Турли мамлакатлардан совғалар, ноёб ҳайвонлар, матолар, қимматбаҳо тошлар ва бойликлар келтирилиши Соҳибқироннинг халқаро нуфузи нақадар баланд бўлганидан далолат беради. Элчи Миср, Хитой, Ҳиндистон, Сурия, Эрон, Рус ва бошқа томонлардан келган вакил ва совға-саломларни эслайди. Бу Самарқанднинг Амир Темур замонида жаҳон дипломатияси марказларидан бирига айланганини билдиради.
Айни пайтда Клавихо қайдларидан салтанатнинг дабдабаси ортида яширинган таранглик ҳам сезилади. Сарой маросимлари улуғвор бўлса-да буйруқ ва интизом жуда қаттиқ бўлган. Амир Темур касал бўлиб қолган пайтларда ҳам унинг аҳволи ошкор этилмаслиги, айрим маълумотлар сир тутилиши ва хазинани сақлаш масалалари қанчалик муҳим бўлганини кўрсатади. Клавихо қайдларида бу маълумотлар эҳтиёткорлик билан акс эттирилади.
Рюи Гонсалес де Клавихо кундаликлари Амир Темур давридаги Самарқандни жонли ҳолда кўрсатади. Бу манбада Самарқанд қудрат, бойлик, тартиб, меъморчилик, савдо ва халқаро марказ сифатида намоён бўлади.
Клавихо бизга Соҳибқирон пойтахтининг реал, кўз билан кўрилган, тафсилотлари аниқ қайд этилган манзарасини қолдирган. Бу манзара бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: Амир Темур даврида Самарқанд Шарқнинг энг буюк сиёсий ва маданий марказларидан бири бўлган.
Маҳмудхон Юнусов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
музейшунос.
ЎзА