Амфитеатр фойдаланишга топширилди
Тўрткўл туманида янги Амфитеатрнинг фойдаланишга топширилиши ва миллий қўшиқчилик санъатимизда ўчмас из қолдирган бетакрор овоз эгаси Отажон Худайшукуров хотирасига бағишлаб ўтказилган “Эсар Жайхун шамоллари” республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни туман марказида янгидан қад ростлаган муҳташам бинонинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида машҳур хушовоз хонандамиз Отажон Худойшукуров номига Тўрткўл туманида Амфитеатр қуриш бўйича билдирилган таклиф қўллаб-қувватланиб, аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Шу асосда 13 миллиард сўм маблағ эвазига 2 минг ўринли Амфитеатр қурилиб, фойдаланишга топширилди ва туман аҳолисининг кўп йиллик орзу-умидлари рўёбга чиқди. Аҳамиятлиси, бундан буён тумандаги барча йирик маданий тадбирлар ва байрам тантаналари шу ерда ўтказилади.

Амфитеатрнинг очилиш маросимида “Эсар Жайхун шамоллари” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиши тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан пул мукофоти топширилди.

Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири