Альпда йирик кўчки хавфи: 400 000 куб/метр тош қулаши мумкин
Германия ва Австрия чегарасида жойлашган Хохфогель тоғида йирик тош кўчиши хавфи кучайган. Олимлар чўққидаги ёриқ кенгайиб бораётгани, 400 000 куб/метргача тоғ жинслари қулаши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.
Мутахассислар манзилни 12 йилдан бери кузатиб келяпти, 2018 йилдан махсус сенсор ва ўлчов қурилмаси узлуксиз ишлаяпти. Баҳорда тоғ жинслари ҳафтасига 5 миллиметргача силжиётгани қайд этилган. Геологик жараён учун бу жуда юқори кўрсаткич. Олимлар айниқса тоғнинг жануби-ғарбий қиррасидаги янги ёриқни хавфли нуқта сифатида баҳолаган.
Кучли ёғингарчилик, момақалдироқли жала ва қор эриши силжишни тезлаштираётгани ҳам тахмин қилиняпти. Мутахассислар иқлим ўзгариши туфайли турли об-ҳаво ҳодисалари тез-тез ва кучлироқ кузатилаётганини таъкидламоқда. Тоғнинг Австрия ҳудудидан чўққига чиқиш йўли аллақачон ёпилган, Германия томондан кўтарилиш эса ҳозирча очиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА