"Кабар": Қирғизистон иқтисодиётида ўсиш суръатлари сақланмоқда
Қирғиз Республикасида жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, давлат бюджети даромадлари режадагидан юқори бўлди. Мамлакатнинг консолидациялашган бюджети йил охирига бориб 1 триллион сўмга етиши мумкин.
Ахборот ҳамкоримиз - “Кабар” АА хабарига кўра, ўлкада январь-сентябрь ойларида давлат бюджети даромадлари 608,1 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган режадан 22,7 миллиард сўмга ошган. Жумладан, Давлат солиқ хизмати орқали 259,8 миллиард сўм, Давлат божхона хизмати орқали эса 139 миллиард сўм маблағ тушган.
Мамлакат иқтисодиётида ҳам ижобий ўсиш кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, 2021–2025 йилларда Қирғизистон иқтисодиёти қарийб 47 фоизга ўсган. 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 11 фоиздан ошган. Шунингдек, жорий йилда мамлакатга киритилган инвестициялар ҳажми 709 миллион доллардан юқори бўлган.
Иқтисодий фаоллик инфратузилма ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги лойиҳаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2025 йилда мамлакат бўйлаб 341 та инфратузилма объекти фойдаланишга топширилган. Жорий йилда эса 100 дан ортиқ ижтимоий объект ва 60 та ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилган.
Экспертлар фикрича, йил якунига қадар даромадлар ўсишини сақлаб қолиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва инвестиция лойиҳаларини изчил амалга ошириш мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
А.Маматов, ЎзА