"Аичи-Нагоя-2026": Енгил атлетикачиларимиз медалларни кўзламоқда
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган ХХ Осиё ўйинларида бугун, 26 сентябрь куни енгил атлетика бўйича беллашувлар ўтказилмоқда. Унда ҳамюртларимиз ҳам иштирок этмоқда.
Жумладан, енгил атлетиканинг ўнкураш баҳсларида Заҳириддин Шокиров ва Нодир Норбоев мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
100 метрга югуриш баҳсларида Заҳириддин Шокиров олтинчи, Нодир Норбоев тўртинчи натижани қайд этди. Узунликка сакрашда эса Заҳириддин Шокиров 7,35 метр натижа билан тўртинчи, Нодир Норбоев 7,04 метр билан саккизинчи ўринни эгаллади.
Ядро улоқтириш дастури якунларига кўра, Нодир Норбоев 13,09 метр натижа билан олтинчи, Заҳириддин Шокиров 12,65 метр натижа билан тўққизинчи бўлди. Шу тариқа, учта дастур якунига кўра, ҳамюртларимиз мос равишда еттинчи ва саккизинчи ўринларни эгаллаб турибди.
Шунингдек, енгил атлетикачимиз Шоҳрух Давлатов марафон баҳсида тўққизинчи бўлиб маррага етиб келди. У 42 километр 195 метр масофани 2 соат 17 дақиқа 44 сонияда босиб ўтди.
[gallery-31625]
Бугун енгил атлетикачиларимиз иштирок этадиган баҳслар:
15:55 — аёллар, 200 метр, саралаш — Лайло Аллаберганова
16:10 — аёллар, 200 метр, саралаш — Жонбиби Ҳукмова
16:35 — эркаклар, уч хатлаб сакраш, финал — Иброҳим Маҳкамов
17:45 — аёллар, 400 метр, финал — Жонбиби Ҳукмова
18:15 — аёллар, 1500 метр, финал — Сабоҳат Самижонова.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат)
ЎзА