Аҳоли мурожаатлари партия назоратида
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ташаббуси билан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга!” умуммиллий дастури доирасида Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида сайёр қабул ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тумандаги Абу Али ибн Сино номидаги “Жамоат саломатлиги” техникумида партия вилоят кенгаши раҳбарлари, халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги, мутасадди идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда туманнинг 30 дан ортиқ маҳалласидан келган фуқароларнинг турли масала ва муаммолар юзасидан 50 дан ортиқ мурожаатлар эшитилди.

Мурожаатларда асосан, ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим контракти тўловлари, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ҳамда даволаниш билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Масалан, туманнинг Ҳаётбахш маҳалласида яшовчи, олий ўқув юрти талабаси Хилола Сайфуллаеванинг контракт тўловини тўлашда ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати бўйича унга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан контракт тўлов маблағининг 50 фоизи қопланиши учун ваучер ажратилди.

– Тез-тез оғриб тураман, даволанишга моддий имконим йўқ. Шу боис, сайёр қабулда даволаниш учун ордер олишимга ёрдам кўрсатилишини илтимос қилиб, мурожаат қилдим, – дейди Қўрғонча маҳалласида яшовчи Марғубахон Қирғизова. – Мутасаддиларга катта раҳмат, мурожаатим ижобий ҳал этилди, сайёр қабулнинг ўзида ордер олишим учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Сайёр қабул давомида Терактаги маҳалласида яшовчи Хосиятхон Абдуллаевага аввал қилган мурожаати бўйича ногиронлик аравачаси топширилди.
Шунингдек, ўқиш учун контракт тўловининг 50 фоиз қисмини тўлаб бериш бўйича 5 нафар талабага ваучер топширилди. Бундан ташқари, 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 тасига қўлтиқтаёқ ва бир нечта мурожаатчига амалий ёрдам кўрсатилди.
Эътиборлиси, 30 дан зиёд мурожаат шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Ўрганиш ва маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар ижроси назоратга олинди.
Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга!” умуммиллий дастури амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатмоқда. Энг муҳими, юртдошларимизнинг турли муаммолари ижобий ҳал этилиб, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.