Аҳоли мурожаатлари эшитилди
Фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш ва амалий кўмак кўрсатиш мақсадида O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Оқолтин туманида сайёр қабул ўтказилди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, Сирдарё вилояти Фермерлар кенгаши раиси Рўзиқул Примқулов, Оқолтин тумани ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳусниддин Сувонов ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этишди.
Сайёр қабул аҳоли билан очиқ мулоқот руҳида ўтди. Фуқаролар ўзларини ўйлантираётган масалалар билан масъулларга бевосита мурожаат қилди. Хусусан, тиббий хизматлардан фойдаланиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр энергияси, ичимлик суви ва газ таъминоти, ижтимоий кўмак олиш билан боғлиқ муаммолар кўтарилди.

Тадбир давомида жами 156 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг ҳар бири мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилиб, 68 тасига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Қолган мурожаатлар бўйича эса масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилиб, ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сайёр қабул чоғида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларга йўналтириш, шунингдек, олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларни ҳудудларга жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

– Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни тезкор аниқлаш ҳамда уларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарду ташвиши мужассам. Бу эса масъуллар зиммасига янада катта масъулият юклайди, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева. – Ўйлайманки, бугунги очиқ мулоқот ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Энг муҳими, мурожаатларни ҳал этиш борасидаги ишлар бу билан чекланиб қолмайди, аксинча, изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири