English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими янги босқичга олиб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, юртимиз нуфуси 38 миллиондан ошди, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади икки карра кўпайди. Халқимиз оғирини енгил қилиш, уни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳалла даражасида ишлайдиган тизим яратилди. Жорий йилда ҳам маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтараётган масалаларга ҳамма жойда ҳам ўз вақтида ечим топиб берилмаётганини кўрсатиб ўтди.

– Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш. Тўғри, Халқ қабулхоналари ўз вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди, – деди Президентимиз.

Йиғилишда бундан буён “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор барча даражалардаги раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлиши шартлиги қайд этилди.

Президентимиз аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг жорий ҳолатини таҳлил қилди.

Мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келмоқда. Бироқ бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.

Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа ҳудудларга нисбатан икки баробар юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, республика бўйича мурожаатлар сони 16 фоизга камайган бўлса-да, Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари ва Наманган шаҳрида мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 50 фоизгача ошгани кўрсатиб ўтилди. Қатор туман ва шаҳарларда ҳокимлар ва идоралар мутасаддиларида сайёр ва шахсий қабуллар ўтказишга юзаки қараш сақланиб қолаётгани қайд этилиб, бундай ёндашув қатъий танқид остига олинди.

Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланган эди. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Сирдарёда раҳбарларнинг шахсан шуғуллангани натижасида мурожаатлар 25-30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60-70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланди.

Лекин бошқа ҳудудларда бу борада кескин ўзгариш қилинмагани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Тошкент шаҳридаги 170 минг ва Тошкент вилоятидаги 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.

Шу маънода, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмасдан, ижтимоий тармоқларда резонанс келтириб чиқарганидан кейингина чора кўрилиши аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Йиғилишда aҳолидан энг кўп мурожаатлар юборилаётган соҳалар ва уларга масъул идоралар фаолияти, шу жумладан, ички ишлар, мажбурий ижро, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя, энергетика, инфратузилма ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Масалан, ўтган йили алимент билан боғлиқ 70 мингта мурожаат келиб тушган. Мажбурий ижро бюроси ариза тушганда ундириш чорасини кўраётган бўлса-да, алимент тўловчининг расмий даромади бўлмагани учун мурожаатларнинг 30 фоизи ҳал бўлмай қолмоқда.

Бу борада алимент тўловчиларнинг қанчаси касбга эга бўла туриб ишсиз юргани, қанчасини ўқитиш кераклигини таҳлил қилишмаётгани, шу асосда бандлик бўлимлари ва “маҳалла еттилиги” билан яқин ҳамкорликда иш ташкил қилиш муҳим экани қайд этилди.

Ташкилий миграция асосида одамларни ўқитиб, хориждаги юқори даромадли иш ўринларига юбориш тизими яратилган, лекин алимент мажбурияти бор фуқаролар бу имкониятдан фойдалана олмайди. Алимент тўловчиларга ҳам хорижда ишлаб даромад топиши учун шароит яратиш мақсадида айни пайтда алимент олувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлаган ҳолда ҳар икки томон учун манфаатли бўладиган адолатли механизм бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ички ишлар ваколатидаги масалалар, айниқса, ходимларнинг қўпол муомаласи ва тергов сифати бўйича эътирозли мурожаатлар келиб тушаётгани қайд этилди. Тизим масъуллари бу ҳақда энг кўп мурожаат келиб тушаётган ҳудудларда профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг касбий савияси ҳамда муомала маданиятини ошириш билан тизимли шуғулланиши, ички ишлар идораларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.  

Энергетика, йўл ва сув инфратузилмаси бўйича 2025 йилда юборилган мурожаатлар 109 мингдан ошгани айтилди. Айниқса, Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Пастдарғом, Шўрчи, Денов, Ғузор, Қамаши, Деҳқонобод, Шароф Рашидов туманлари, Самарқанд, Наманган, Термиз, Қарши ва Андижон шаҳарларида инфратузилма бўйича мурожаатлар кўпайган.

Жорий йилда бу масалаларни ҳал қилиш учун 20 триллион сўм ажратилгани, ҳокимлар ушбу маблағни, аввало, энг кўп шикоят тушаётган маҳаллаларга йўналтирса, аҳоли розилиги ортиб, мурожаатлар сони камайиши таъкидланди.

“Ташаббусли бюджет” дастури маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда катта самара бераётгани эътироф этилди. Бироқ инфратузилма юзасидан 25 мингта ариза келиб тушган 2 мингта маҳалла бирор марта ҳам ушбу дастурда лойиҳа жойлаштирмагани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга Халқ қабулхоналарига келган мурожаатларни таҳлил қилиб, бундай маҳаллаларга лойиҳа тайёрлашда кўмаклашиш топширилди.

Шу билан бирга, айрим вазирлик ва идоралар мурожаатларга ечим бериш ўрнига юзаки жавоб билан чекланаётгани танқид қилинди. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги 58 фоизига амалий ечим бермаган.

Умуман, қайд этилган камчиликлар бошқа вазирлик ва идоралар, ҳокимликларга ҳам тегишли экани, улар мурожаатлар билан ишлашни чуқур таҳлил ва масъулият асосида ташкил этиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз мурожаатлар билан ишлаш тизимини ўзгартириш вақти келганини таъкидлаб, ҳокимликлар, вазирлик ва идораларга фақат кўтарилган масалани ҳал қилиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, мурожаатларга олиб келаётган омилларни аниқлаб, уларни камайтириш билан тизимли равишда шуғулланишга топшириқ берди.

Шу боис, Халқ қабулхоналари фақат ариза қабул қилувчи идора эмас, балки соҳа ва жойлардаги муаммоларга уларга тегишли масъул идораларнинг эътиборини тортадиган, улар билан биргаликда таҳлил ва ечим таклиф қиладиган марказга айлантирилиши белгиланди.

Президентимиз янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берди. Алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш, ойликлар кечиктириб тўланишининг олдини олиш, бошқарув сервис компаниялари фаолияти, давлат идоралари ходимлари устидан шикоятлар, уй-жой билан таъминлаш, нафақа тайинлаш каби масалаларда манзилли ишлаш йўллари ва бунинг учун масъуллар белгилаб берилди.  

Ҳар бир ариза ва шикоятни чуқур таҳлил қилиб, масъуллар кесимида тақсимлаб, биринчи ярим йилликда Қарши шаҳрини мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш топширилди. Бу жараёнда вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари яқиндан кўмаклашиши белгиланди.

Умуман, барча ҳудудлар ва 208 та туман-шаҳар ҳокимларига Қарши шаҳри мисолида кўрсатилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Бу борадаги иш режалари ҳар ой маҳаллий Халқ депутатлари кенгашларида тасдиқланиб, аҳолига етказиб борилади.

Йиғилишда Халқ қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Президент Администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жалб қилиш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ой Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказади, ижросини назорат қилади. Одамларнинг кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли йўналишлар бўйича таклифларни Ҳукуматга киритади.

Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади.

Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий кўрсатмалар киритиш ваколати берилиши, мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтинги йўлга қўйилиб, ҳар олти ойда эълон қилиб борилиши белгиланди.

Мурожаатлар билан ишлашда “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти ҳам кескин оширилади. Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади, у ёшлар етакчиси ва маҳалла раиси томонидан юритилади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим этиб боради.

Шунингдек, мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилади, мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо кучайтирилади.

Президентимиз яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтди. Давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаш, вазирлик ва идораларда тўғри қарорлар қабул қилинишида, умуман, аҳоли кайфияти ва уни ўйлантираётган масалаларни билишда мурожаатлар билан бир қаторда социологик тадқиқотлар натижалари ҳам муҳим манба экани таъкидланди.

Шу боис, бундай тадқиқотларнинг кўлами ва сифатини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Эндиликда бир марталик ижтимоий сўровлар билан чекланилмай, қаерда ишонч ортаётгани, қаерда сусаяётгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий мониторинг ва таҳлиллар ўтказилиши белгиланди.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтинги методологиясини ишлаб чиқиб, таҳлиллар асосида рейтингни шакллантириш ва мунтазам равишда Президентга киритиб бориш топширилди.

Ижро интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилар экан, берилган ҳар бир топшириқнинг реал ижро ҳолати бўйича кундалик назорат ўрнатиш, масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар ҳақида холис ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда ҳудудлар ва масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

ЎзА