Афғонистонга қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етказиб берилди
Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етказиб берилди.
Жумладан, об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 20 тонна чигит, 20 тонна шоли, 500 килограмм сабзавот, полиз экинларининг сараланган, юқори сифатли уруғлари топширилди.

Мазкур амалий ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистон – Афғонистон ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорлик бугунги кунда минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилмоқда.
Бу эса қўшничилик тамойиллари ва умуминсоний қадриятларга асосланган муносабатларнинг амалий ифодаси.
Гулноза Бобоева,
ЎзА