Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унда қайд этилишича, куни кеча Афғонистоннинг Қобул шаҳрида энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакат энергетика секторини қўллаб-қувватлашга бағишланган биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Афғонистон ҳукумати вакиллари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикалари энергетика вазирликлари делегациялари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.

Унда томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари хусусида сўз юритди.
Анжуман доирасида Афғонистонда 220-500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилиши бўйича молиявий шартнома имзоланди ва лойиҳанинг амалий босқичига старт берилди.

Таъкидланганидек, лойиҳалар 2027 йилнинг биринчи чорагига қадар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, бу Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергетикаси йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон бўйлаб тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, ақлли ҳисоблаш тизимларини жорий этиш, соҳада самарадорлик ва шаффофликни ошириш ҳамда техник экспертиза орқали ишончли энергия етказиб беришни таъминлаш каби йўналишларда ҳамкорлик кенгайтирилади.
Учрашув якунлари шуни кўрсатадики, ушбу анжуман нафақат Афғонистон иқтисодиётини ривожлантириш, балки бутун минтақада барқарор энергия инфратузилмасини шакллантиришда муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА