Афғонистон делегацияси “Ифтихор кийим саноати” корхонаси фаолияти билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда бўлиб турган Афғонистон ҳукумати саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегациянинг навбатдаги манзили Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ифтихор кийим саноати” корхонаси бўлди.
Мазкур корхона вилоятдаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Бу ерда йилига қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 20 минг тонна пахта хомашёси қайта ишланиб, калава ҳолига келтирилади ҳамда босқичма-босқич тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Фаолият бошланганига унча кўп вақт бўлмаганига қарамасдан, корхона маҳсулотлари Миср, Туркия, Россия, Эрон, Польша, Сурия ва Хитой каби давлатларга экспорт қилиниб, ўз харидорини топган. Шунингдек, Европа брендлари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
[gallery-28912]
Корхона кластер тизими асосида фаолият юритиб, ихтиёрида 1000 гектар пахта майдони мавжуд. Шу билан бирга, вилоят бўйича 200 та фермер хўжалигидан тўғридан-тўғри пахта хомашёси қабул қилинади.
Меҳмонлар корхонада замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ташриф якунида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан икки томон таклифлари муҳокама қилинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА