Адолатнинг энг юксак шакли – инсоннинг адолат қарор топишига бўлган ишончи
Президентимизнинг 2026 йил 14 августдаги фармони билан тасдиқланган “Одил судлов - 2030” стратегияси мамлакатда одил судловнинг фалсафасини ўзгартираётган комплекс дастур сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Стратегиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири – суд тизими самарадорлигини фақат статистик кўрсаткичлар билан эмас, аҳолининг судларга бўлган ишончи билан баҳолашга интилиш.
Стратегияда 2030 йилга қадар суд тизимига ишонч билдирувчи аҳоли улушини 80 фоизга етказиш белгиланган.
Биргина шу рақам ислоҳотнинг моҳиятини англатади. Чунки суднинг куч-қудрати фақат давлат мажбурлови билан эмас, аввало, унинг холислиги ва адолатлилигига бўлган ижтимоий ишонч билан белгиланади.
Шу боис, суд қарорининг асослантирилгани, унинг очиқлиги ва тушунарлилиги ҳам адолатнинг таркибий қисмига айланиши керак.
– Халқчил суд ғояси моҳиятида нималар назарда тутилган?
– Халқчил суд – шиор эмас, фуқарога қулай хизмат. Стратегияда бу ғоя алоҳида устун сифатида белгиланган. Бу, энг аввало, судни фуқаро учун тушунарсиз ва мураккаб институционал макондан фойдаланиш қулай бўлган ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимига айлантиришни англатади.
Шу мақсадда суд биноларида “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш, фуқароларга рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий ёрдам бериш, my.sud.uz порталининг мобил имкониятларини такомиллаштириш, судга мурожаат намуналарини соддалаштириш каби чоралар белгиланди.
Бу ишлар арзимасдек кўриниши мумкин, аммо фуқаро учун жуда катта аҳамиятга эга ўзгариш. Чунки ҳуқуқий давлатда “судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор” деган қоида етарли эмас. Фуқаро бу ҳуқуқдан амалда фойдалана олиши керак.
– Ташқи таъсир ва аралашувлардан холи суд ҳокимияти қандай бўлиши керак?
– Стратегиянинг иккинчи устуни – “адолат қўрғони” бўлиб, у инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайдиган, ташқи таъсир ва аралашувлардан холи суд ҳокимиятини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Бу ерда эътиборга молик жиҳат – судлар мустақиллигининг фақат декларатив принцип сифатида эмас, ташкилий механизмлар орқали таъминланиши ҳисобланади. Жумладан, Стратегия судьяларни одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод қилиш, суд маъмурчилиги (Court Administration) институтини жорий этиш, суд аппаратининг ташкилий, молиявий, моддий-техник ва ахборот-таҳлилий таъминотини алоҳида тизимга ўтказишни назарда тутади.
Бу жуда муҳим ёндашув бўлиб, судьянинг вақти ва эътибори қанчалик камроқ маъмурий ишларга сарфланса, у шунчалик кўпроқ ҳуқуқий масалани чуқур ўрганишга имконият топади.
Стратегиядаги узлуксиз кадрлар тайёрлаш, судьяликка номзодлар ва судьялар учун касбий компетенциялар профилини жорий этиш ҳам ана шу умумий тенденция – судья мустақиллиги профессионаллик билан таъминланиши тамойилига уйғун.
– Суд қарорининг сифати қандай омиллар билан ўлчанади?
– Стратегиянинг учинчи устуни – “кафолатланган адолат”, яъни суд қарорининг қонунийлиги билан бир қаторда унинг адолатлилиги, асослантирилганлиги ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Бу йўналишда бир нечта янги механизмлар бир-бирини тўлдиради. Биринчидан, жиноят ишларини кўришда халқ вакиллари ҳайъати – “jury” институти жорий этилади. Бу, айниқса, ўта оғир тоифадаги ишлар бўйича жамоатчилик иштирокини кучайтиришга қаратилган.
Иккинчидан, шахсни ушлаш, қамоққа олиш ва уй қамоғи каби процессуал мажбурлов чоралари устидан суд назорати кучайтирилади. 2027 йил 1 июлдан тергов судьяларига “асосли гумон” – Prima Facie халқаро стандарти асосида тегишли ҳолатларни текшириш ваколатлари берилади.
Бу ердаги асосий фалсафа оддий: давлат органларининг текширув ваколатлари қанчалик кучли бўлса, суд назорати ҳам шунчалик реал бўлиши керак.
Учинчидан, суд қарорларининг ижросига эътибор кучайтирилади. Зеро, ижро этилмайдиган суд қарори фуқаро учун қоғозда қолган адолатдан бошқа нарса эмас.
– “Прецедентлар” реестри ҳақида қандай фикрдасиз?
– Стратегиядаги энг муҳим институционал янгиликлардан бири – 2027 йил 1 августдан Олий суд раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб боришга асосланган “Прецедентлар” реестри жорий этилади.
Бу институтни англо-саксон ҳуқуқидаги классик суд прецеденти билан айнанлаштириш тўғри бўлмайди. Шу билан бирга, унинг амалий аҳамияти жуда катта: бир хил ҳуқуқий муносабатга бир хил ҳуқуқий ёндашувни таъминлаш.
Стратегияда ҳатто муайян тоифадаги ишлар бўйича Олий суд раёсатининг якуний ҳуқуқий позициялари сонини камида 15 тага етказиш мақсади белгиланган.
Бу тадбирнинг амалий самараси шундаки, қонунни қўллашдаги тафовутлар камаяди, адвокат ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий прогноз қилиш имконияти ошади.
Мамлакатимизда “Прецедентлар реестри” ва 2030 йилгача Ўзбекистонда одил судлов сифати индексини жорий этиш ташаббуси суд амалиётини маълум маънода “ўлчанадиган” тизимга айлантиради.
– Судга боришдан олдин низони ҳал қилиш – замонавий одил судловнинг ўзига хос белгисими?
– Стратегиянинг эътиборли жиҳатларидан бири – судлар ишини фақат судда кўриладиган ишлар сони билан баҳоламаслик.
Медиацияни кенгайтириш, айрим иқтисодий низоларни судгача ҳал қилиш ва маъмурий низолар бўйича адъюдикация механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
2030 йилгача фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судларда медиация орқали ҳал қилинадиган ишлар улушини 30 фоизга, судгача ҳал қилинадиган низолар улушини 20 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Чунки суд ҳар қандай низони ҳал қилишнинг энг яхши механизми бўлмаслиги мумкин. Айниқса оилавий, шериклик, тижорат, шартномавий, интеллектуал мулк ва айрим маъмурий низоларда томонларнинг муносабатини сақлаб қолиши, баъзан суд қароридан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда медиацияни кенгайтириш судлар иш юкламасини камайтириш билан бирга, низоларни маданий ва конструктив ҳал қилиш ҳуқуқий маданиятини ҳам шакллантиради.
– Судьялар корпусини шакллантириш бўйича қандай мақсадлар кўзда тутилган?
– Ҳар қандай замонавий технология ёки янги суд тузилмаси охир-оқибатда инсон омилига бориб тақалади. Стратегиянинг тўртинчи устуни “адолат посбонлари” шу сабабларга кўра алоҳида аҳамиятга эга.
Унда судьялар учун узлуксиз касбий тайёргарликнинг Pipeline моделини жорий этиш, судьяликка номзодлар ва суд аппарати ходимларининг касбий компетенциялар профилини шакллантириш, case-based learning ва problem-based learning усулларини таълим жараёнига киритиш назарда тутилган.
Эътиборлиси, Стратегия судьяни фақат ҳуқуқни биладиган мутахассис сифатида эмас, балки мураккаб қарор қабул қила оладиган, рақамли технологиялардан фойдаланадиган, коррупция хавфларини англайдиган ва стрессга чидамли профессионал сифатида кўради.
2030 йилгача судьялар иш юкламасини камида 40 фоизга камайтириш мақсади ҳам белгиланган. Бу ерда парадоксал, аммо жуда тўғри ёндашув бор: судьяни кўпроқ ишлатиш орқали эмас, унинг асосий ишига кўпроқ вақт бериш орқали суд самарадорлигини ошириш назарда тутилган.
– Сунъий интеллект судьянинг одил судловни амалга ошириш бўйича ваколатига қанчалик таъсир қилиши мумкин?
– Рақамли одил судлов устуни – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш, қоғоздан воз кечиш, электрон ҳужжат айланиши, суд мажлисларини аудиога ёзиб бориш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишни қамраб олади.
Стратегияда 2027 йил якунига қадар маъмурий ва иқтисодий судларда, 2028 йил якунига қадар жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда суд мажлисларини аудиога ёзиб боришга босқичма-босқич ўтиш белгиланган. Шунингдек, электрон хабарномаларни тўлиқ жорий этиш ва электрон мурожаатлар улушини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Стратегияда энг муҳим чегара аниқ белгиланган: сунъий интеллект судьянинг одил судловни амалга ошириш бўйича ваколатини эгалламайди; технология хавфсиз, масъулиятли ва мақсадли қўлланиши керак.
Бу принципни сақлаш жуда муҳим. Чунки алгоритм қарор қабул қилиш жараёнига ёрдам бериши мумкин, аммо инсон тақдири учун ҳуқуқий масъулиятни алгоритм зиммасига юклаб бўлмайди.
– Суд ва судьялар ҳамжамиятининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги қандай натижа беради?
– Стратегиянинг олтинчи устуни – халқаро эътирофдир. Бу борада 2030 йилгача камида 6 та халқаро ва минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда суд топшириқларини бажариш ва суд қарорларининг тан олиниши ва ижроси бўйича камида 10 та давлат билан халқаро шартномалар тузиш мақсади белгиланган.
Бундан ташқари, Гаага конвенциялари, БМТнинг халқаро олди-сотди шартномаларига оид ҳужжатлари каби халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш назарда тутилган. Бу, айниқса, инвестиция ва трансчегаравий бизнес низолари учун муҳим.
Халқаро бизнес учун мамлакатдаги суд тизимининг сифати – инвестициявий муҳитнинг бир қисми. Европа Иттифоқининг Justice Scoreboard ёндашувида ҳам самарали суд тизими инвестицияларни ҳимоя қилиш, шартномалар ижроси ва иқтисодий рақобат муҳити билан бевосита боғлиқ, деб қаралади.
– Стратегиянинг энг кучли жиҳатлари нималарда кўринади?
– “Одил судлов - 2030” стратегиясини аввалги концептуал ҳужжатлардан ажратиб турадиган муҳим жиҳатлардан бири бу – унинг натижалари аниқ рақамларда белгилангани.
Хусусан, 2030 йилгача судга ишонч - 80 фоиз, “ягона дарча” хизматлари - 100 фоиз, соддалаштирилган тартибда кўриладиган фуқаролик ва иқтисодий ишлар - 30 фоиз, медиация орқали ҳал этиладиган ишлар – 30 фоиз, судгача ҳал қилинадиган низолар - 20 фоиз, электрон мурожаатлар - камида 50 фоиз, судьялар иш юкламасини камайтириш - камида 40 фоиз, судьяларнинг одил судловга дахлсиз вазифалардан озод этилиши - 100 фоиз даражасига етказилиши кўзда тутилган.
Бу рақамларнинг ўзи Стратегиянинг фалсафасини очиб беради: суд ислоҳоти энди жараён эмас, натижага йўналтирилган бошқарув объектига айланмоқда.
Стратегияни фақат суд тизимига оид ҳужжат деб баҳолаш камлик қилади. Ушбу ҳужжат ҳуқуқий давлатнинг кейинги институционал босқичини белгилаган ҳужжат, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Унда суднинг “халқчиллиги” – очиқлик ва қулайликда, “адолати” – мустақиллик ва холисликда, “кафолати” – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, “самарадорлиги” – ортиқча иш юкламасини камайтиришда, “замонавийлиги” – рақамлаштиришда, “халқаро рақобатбардошлиги” умумэътироф этилган ҳуқуқий стандартларга уйғунликда намоён бўлади. Зеро, адолатнинг энг юксак шакли — фақат адолатли қарор қабул қилиш билан чекланиш эмас, инсонни адолат қарор топишига ишонтиришдир.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.