Адлия вазирига парламент сўрови юборилди
Мамлакатимизда нотариат институтини такомиллаштириш, аҳолига қулай хизматлар кўрсатиш ва соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими, “E-notarius.uz” портали, Face-ID ва Mobile-ID имкониятлари жорий этилди. Айрим нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали масофадан расмийлаштириш учун шароит яратилди.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида фуқаролар билан ўтказган мулоқотлари ва учрашувлари давомида айрим ҳудудларда бир хил ҳуқуқий муносабатларга нисбатан турлича нотариал амалиёт шаклланаётгани, қонун нормаларининг ягона ёндашув асосида қўлланилиши тўлиқ таъминланмаётгани аниқланган.
Шунингдек, нотариат тизими билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат архивлари, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ва хориждаги консуллик муассасаларининг ахборот ресурслари ўртасида тўлиқ электрон интеграция таъминланмагани фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқараётгани маълум бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйи палата мажлисида адлия вазири А.Тошқуловга “Аҳолига нотариат соҳасидаги хизматларнинг сифатли ва шаффоф тарзда кўрсатилишини ҳамда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди. Унда нотариат соҳасида қонунларнинг республика бўйича бир хил қўлланилишини таъминлаш, нотариуслар фаолиятига услубий раҳбарликни кучайтириш бўйича кўрилаётган чоралар, ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматларнинг ҳуқуқий табиати, иқтисодий асосланганлиги ҳамда уларнинг қийматини белгилаш мезонлари, давлат органларининг ахборот тизимлари ўртасида тўлиқ электрон интеграцияни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралди.
М.Комилова, ЎзА