Яратувчилик шижоати Қашқадарёнинг ҳар бир манзилига кириб бормоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21-22 октябрь кунлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун Қашқадарё вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари 22 октябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзини йиғилиш иштирокчиларини Ўзбек тили байрами билан табриклашдан бошлади. Қашқадарё фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони ва давлат мадҳиямиз муаллифи Абдулла Ориповнинг она тилимиз ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
– Вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим, – деди давлатимиз раҳбари.

Бир неча йил аввал энг мураккаб вазиятдаги ҳудудлардан бири бўлган Қашқадарёни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Жорий йилнинг тўққиз ойида саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигида ўсишга эришилди. Бироқ вилоятнинг ҳозирги натижалари унинг бой ресурслари ва инсон салоҳиятига ҳали тўлиқ мос келмаётгани таъкидланди.
Қашқадарё иқтисодиётининг ўсиши учун, аввало, саноатда қўшилган қийматни ошириш зарур. Вилоятдаги газ, электр энергияси ва ер ости бойликлари тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда “GTL” заводидаги янги лойиҳалар, нафтадан полимер ва нефть-кимё маҳсулотлари олиш, Деҳқонобод калий заводи қувватини кенгайтириш ҳамда кичик тоннажли кимёни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.
Бу лойиҳалар йирик корхоналар атрофида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам бирлаштириши лозим. Шунинг учун вилоятда олтита саноат кластери ташкил этилади, “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасининг филиаллари очилади. Уларнинг инфратузилмаси учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади. Замонавий трактор ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, агродронлар ишлаб чиқариш ҳам шу йўналишдаги вазифалардан бўлди.
Саноат ўсиши барқарор энергия таъминотига ҳам боғлиқ. Келаси йил вилоятда “Маsdаr” компаниясининг 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш қуввати ишга туширилади. Қарши туманида чиқиндидан электр олиш лойиҳаси якунланмоқда. Янги қувватларни истеъмолчиларга етказиш учун Нишон ва Кўкдалада йирик подстанциялар қуриш, Толимаржон – Сўғдиёна йўналишидаги 245 километрлик электр тармоғини тугаллаш вазифалари қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги ҳам аҳоли даромадини оширишнинг муҳим манбаи сифатида кўриб чиқилди. Вилоятда ушбу соҳанинг ўзида қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти бор. Жаҳон банки билан Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчиликка чидамли чорва озуқаси экилади, чорвачилик комплекслари ташкил этилади. Ғузорда 10 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, деҳқонларга берилади. Космик маълумотлар асосида аниқланган яна 30 минг гектар майдонни ўзлаштиришга мисрлик мутахассислар жалб қилинади.
Ердан самарали фойдаланиш учун сув таъминоти ҳам яхшиланади. Қашқадарёда экин майдонларига сув етказиш қимматга тушаётгани сабабли келаси йил 265 километр канал бетонлаштирилади, 20 та насос янгиланади. Фермерлар билан бирга 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Бу йил қурилган кичик сув ҳовузлари тажрибаси яна бешта туманда кенгайтирилади.
Аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжи алоҳида муҳокама қилинди. Ажратилган маблағлар ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилиши якунланиб, 200 минг киши тоза сув билан таъминланади. Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри ва атрофдаги туманларга тармоқ тортиш яна 350 минг аҳолига хизмат қилади. Толимаржон – Муборак сув тизимини реконструкция қилиш эса бешта тумандаги 700 минг кишининг сув таъминотини яхшилашга қаратилган.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқани енгиллаштириш учун йўл лойиҳалари ҳам белгиланди. Осиё тараққиёт банки билан А-380 автомобиль йўлининг вилоятдан ўтувчи 100 километр қисми реконструкция қилинади. Қарши шаҳри айланма йўли ушбу магистралга уланади. Поезд ўтаётган вақтда тирбандлик юзага келадиган икки темир йўл кесишмасида замонавий йўл ўтказгичлар қурилади.
Йиғилишда йирик лойиҳаларнинг самараси ҳар бир маҳаллада сезилиши кераклигига эътибор қаратилди. Қамаши туманидаги Чим маҳалласида мактаб, боғча, поликлиника, ёшлар маркази, спорт мажмуаси ва истироҳат боғи барпо этилди. Энг муҳими, маҳаллада камбағал оила ва ишсиз аҳоли қолмади. Келгуси йил Мустақиллик байрамигача шу тажриба асосида ҳар бир туманда иккитадан замонавий маҳалла маркази ташкил этилади. Миришкорда лимончилик, балиқчилик ва боғдорчилик лойиҳалари бошланади, ижарага берилган ерларда юқори даромадли экинлар етиштириш кенгайтирилади.
Бундай ташаббусларни амалга оширишда банклар фақат янги кредит маҳсулотларини таклиф этиш билан чекланмаслиги таъкидланди. Уларнинг иши ресурс олган корхоналар сони ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланади. Кредит ажратишда пул оқими ва аниқ буюртмаларни ҳисобга олиш, тадбиркорлардан сўраладиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш вазифаси қўйилди.
Қашқадарёнинг табиий имкониятлари туризмда ҳам янги иш ўринлари яратиши мумкин. Йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келган, Ғелон қишлоғининг ўзига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етган. Ғелонда тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини ишга тушириш, бошқа тоғ қишлоқларида этнотуризм, Шаҳрисабз туманида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш режалаштирилган. Олти қишлоқ бўйича мастер-режалар тайёрланиб, 50 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.
Янги иш ўринларига ёшларнинг касбий тайёргарлиги ҳам муҳим. Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникумининг Германияда малака оширган 32 нафар устаси ҳозир вилоятдаги 57 та техникум усталарини ўқитмоқда. Бу ерда ўқувчилар мактаб аттестати билан бирга касбий сертификат олади, германиялик мутахассислар эса ёшларга тил ва касб ўргатади. Масъулларга мактаблар билан техникумлар ўртасида ўқувчиларни касбга йўналтиришнинг аниқ тизимини яратиш топширилди.
Қашқадарёлик ўқувчиларнинг натижалари ҳам эътироф этилди. Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Cambridge” имтиҳонларида республикада энг юқори натижани қайд этди, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби “Заковат” турнирида ғолиб бўлди. Косонлик Муроджон Халимов SAT имтиҳонида максимал 1600 балл тўплади. Келаси йилдан ҳар бир туманда биттадан мактабда аниқ фанлар чет тилида ўқитилади. Шунингдек, барча туманларда робототехника тўгараклари очилиб, ўқувчилар ўртасида ҳар йили чемпионат ўтказилади.
Вилоятнинг келгуси ўсиши шаҳарсозликда ҳам олдиндан пухта режалаштиришни талаб этади. Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасида 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри, Қарши туманида эса “Кўҳна Насаф” экомажмуаси барпо этилади. Нуфузли архитектура компаниялари иштирокида бош режа ишлаб чиқилиб, янги ҳудудлар “яшил” ва “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида қурилади.
Шу билан бирга, маҳаллаларда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси” йўлга қўйилади. Ҳар йили Наврўз арафасида “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилади.
Йиғилиш якунида вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахбороти тингланди, фаоллар билан мулоқот қилинди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Янги Қарши шаҳрини барпо қилиш ҳамда Қарши магистрал канали бўйида туризм мажмуасини ташкил этиш лойиҳалари билан танишди.

Янги шаҳар учун Самарқанд – Ғузор йўналишидаги А-378 ҳамда Шаҳрисабзга олиб борувчи 4Р-79 автомобиль йўллари оралиғидаги 5200 гектар майдон танланган. Бу ҳудуд паст бонитетли, фойдаланилмаётган чўл ва яйлов ерларидан иборат. Дастлабки бош режа 500 минг аҳолига мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари шаҳарни истиқболда 1 миллион аҳоли яшайдиган, Қаршига замонавий муқобил бўладиган йирик марказ сифатида режалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Янги шаҳарга вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат идораларини кўчириш кўзда тутилган. Бу ерда конгресс-холл, концерт заллари ва меҳмонхоналар барпо этилиб, Самарқанд ва Бухородаги каби йирик халқаро форумларни қабул қила оладиган туризм маркази шакллантирилади.
Транспорт тармоғи шаҳарнинг бошқа ҳудудлар билан қулай боғланишини таъминлаши керак. Президентимиз аэропорт ва темир йўл вокзалини янги шаҳар билан туташтирадиган электр жамоат транспорти, зарур бўлса, ерусти метро қатновини йўлга қўйиш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Тақдимотда Қарши магистрал канали бўйидаги туризм мажмуаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унинг доирасида уч километрлик сайилгоҳ ташкил этиш учун 235 гектар ер ажратилган. Лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилиб, дастлаб 30 гектарда ҳунармандлар шаҳарчаси ва туризм ҳудуди барпо этилади.
Мажмуада меҳмонхоналар, ресторан ва дўконлар, музей, аквапарк, болалар ўйин майдончалари ҳамда қайиқлар сузиши учун сунъий кўл қурилиши режалаштирилган.
Президентимиз янги шаҳар ва туризм мажмуасининг бош режаларини нуфузли хорижий лойиҳалаш ва архитектура компанияларини жалб қилган ҳолда пухта ишлаб чиқиш, бунда хавфсизлик, қулайлик, ҳамёнбоплик ва “ақлли” шаҳар тамойилларига таянишга топшириқ берди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қарши давлат университетида яратилган шароитлар билан танишди.

Университетда 14 мингдан ортиқ талаба бакалавриат ва магистратура босқичларида, кундузги, сиртқи ва масофавий шаклларда таҳсил олмоқда. Бу ерда 579 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилади.
Таълим дастурларини халқаро талабларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инглиз филологияси, математика, амалий математика ва физика йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтказилган. Россия ва Беларусь олийгоҳлари билан 14 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.
Тиллар факультетида минг ўринли замонавий медиа студия, шунингдек, хитой, немис, француз, инглиз ва рус тиллари марказлари ташкил этилган. Халқаро дастурлар доирасида синхрон таржимонлар тайёрланмоқда. Еттита лабораторияни бирлаштирган Халқаро лабораториялар марказида сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва робототехника йўналишларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили муассасада кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Талабаларнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Учта янги ётоқхона қурилиши натижасида 1 минг 300 дан ортиқ қўшимча ўрин яратилиб, талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланган. Университет ҳудудида 240 ўринли болалар боғчаси, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва анжуманлар саройи фаолият юритмоқда. Олийгоҳ қошида “Лочин” футбол жамоаси ташкил этилиб, унинг машғулотлари учун замонавий майдон қурилган.
Президентимиз университетнинг талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ўлмас БАРОТОВ,
ЎзА махсус мухбирлари