Адлия идоралари: бу даргоҳдан ҳеч ким хафа бўлиб кетмаслиги керак
Жамиятимизда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, қонун ижодкорлиги ҳамда қонунчилик тарғиботи, ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси мониторингини юритишга масъул бўлган адлия идоралари фаолиятида фуқароларнинг мурожаатларига эътибор қаратиш алоҳида устувор аҳамият касб этади.
Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан аҳоли ва субъектлардан келиб тушган мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан ўз вақтида, ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи якунлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, вилоятдаги адлия идораларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 минг 924 мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 1 минг 553 таси бошқарманинг марказий аппарати девонхонасида қайд этилди.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили адлия органлари фаолиятида асосий иш мезонига айланган, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов. – Шу боисдан ҳам ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлигини теран ҳис этамиз. Шу боисдан ҳам мурожаатларнинг 3 минг 107 таси ҳал этилиб, шундан 2057 таси ёки 66,2 фоизи қаноатлантирилган ва 1045 мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Қайд этиш даркор, вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимларига келиб тушган ва ижобий ҳал этилган мурожаатларнинг 48 фоизи ҳуқуқни қўллаш амалиёти, 49 фоизи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, 29 фоизи нотариат ва адвокатура, 64 фоизи юридик хизматлар фаолияти, 54 фоизи нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолияти, 51 фоизи давлат хизматларини кўрсатишга оид масалаларни ташкил этди.
Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, қонунчиликда белгиланган тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишига кўмаклашиш мақсадида Наманган тумани адлия бўлими томонидан Наманган туман ихтисослаштирилган мактаби рус тили фани ўқитувчиси Н. Р. нинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Муаллима республика фан олимпиадаси ғолиби бўлгани, бироқ қонунчиликда белгиланган устама ҳақи тўланмаётганини маълум қилиб, тўланмаган маблағларни ҳисоблаб, ундириб беришда амалий ёрдам сўраган.

Ўрганиш давомида ўқитувчи ўқувчилик даврида (1984-1985 ўқув йилида) рус тили фанидан республика фан олимпиадасида диплом билан тақдирлангани аниқланди. Амалдаги қонунчиликка кўра, асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига, агар улар таълим муассасасида айнан ғолибликни қўлга киритган фанидан дарс бераётган бўлса, лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланган. Бироқ мазкур қонунчилик талаби узоқ вақт давомида амалда таъминланмаган. Наманган туман ихтисослаштирилган мактабининг 2026 йил 14 августдаги маълумотига кўра, ўқитувчига жами 164 миллион 19 минг 115 сўм миқдоридаги устама пуллари тўланмаган.
Туман адлия бўлими томонидан мазкур ҳолат қонунчилик талаблари асосида ўрганилиб, тегишли тартибда устама пулларини ҳисоблаш ва тўлаш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Натижада, фуқаронинг йиллар давомида тўланмай келган 164 миллион сўмдан ортиқ устама маблағларини ундиришга эришилди.
Давлатобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро И. Б. Туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, Наманган вилояти “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида меҳнат фаолиятини олиб борган даври учун тўланмай қолган иш ҳақларини ундиришда амалий ёрдам сўради.
Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида ишчининг шартномаси 2026 йил 23 январда бекор қилинган бўлсада, унга тегишли иш ҳақи тўловлари тўлиқ амалга оширилмагани аниқланди. Ҳисоб-китобларга қараганда, фуқаро олдида 51 миллион 526 минг 821 сўм иш ҳақи бўйича қарздорлик мавжуд бўлган.

Фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суднинг 2026 йил 29 сентябрдаги қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, фуқаро фойдасига тўланмай қолган иш ҳақи ҳамда иш ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун пуллик компенсация ундирилиши белгиланди. Натижада фуқаро фойдасига жами 228 миллион 985 минг 193 сўм маблағ ундириладиган бўлди.
Янгиқўрғон тумани адлия бўлимига йўлланган мурожаатлардан бирида тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабида ходимлар Ш. В ва М. Э. га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Ўрганиш натижасида ушбу ходимларга нисбатан асоссиз равишда интизомий жазо чораси қўлланилганлиги аниқланди. Яъни, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан қонунчилик талаблари бузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан адлия мутахассислари томонидан мактаб маъмуриятига тақдимнома киритилиб, унда қонунбузилишни бартараф этиш, ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларга нисбатан қўлланилган асоссиз интизомий жазо чораларини бекор қилиш бўйича тегишли чоралар кўриш сўралди. Натижада тақдимнома асосида ҳар икки маориф ходимига қўлланилган асоссиз интизомий жазо чоралари бекор қилинишига эришилди. Шу тариқа мурожаат амалий натижа билан якунланиб, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари тикланди.
Фуқаро Ш. Н.нинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар билан боғлиқ мурожаати адлия бошқармаси томонидан ўрганилиб, унинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Ўрганишлар натижасида “Наманган сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан фуқаро Ш. Н. га ҳисобланган, бироқ тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича қарздорлик мавжудлиги маълум бўлди. Мазкур қарздорликни ундириш ва фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига мурожаат қилинди. 2026 йил 20 февралда судья томонидан чиқарилган суд буйруғига асосан, сув таъминоти корхонасидан фуқаро ишчи фойдасига 33 миллион 368 минг 154 сўм миқдоридаги ҳисобланган, бироқ тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик, холислик ва белгиланган муддатларга риоя этиш, масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мурожаатлар кўп келиб тушаётган йўналиш ва ҳудудлар мунтазам таҳлил қилиниб, муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Сайёр қабуллар давомида масалаларни жойида ҳал қилиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Наманган вилояти адлия бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқаролар мурожаатларини сифатли кўриб чиқиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири