“Адабиётларда – миллатлар дўстлиги” номли маърифий кеча ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида “Адабиётларда – миллатлар дўстлиги” адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Тадбир 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан республика миқёсида бўлиб ўтаётган “Дўстлик” фестивали доирасида ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Кечада Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат шоир ва ёзувчилари, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолари бўлмиш қардош мамлакатлардаги ватандош ижодкорлар, адабиёт мухлислари, турли миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.
Уюшма биносида Уюшманинг халқаро миқёсдаги фаолиятини акс эттирувчи “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” мавзусида фотосуратлар ва Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг турли тилларда чоп этилган китоблари кўргазмаси ташкил этилди.
Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг эркин ижод қилиши учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилгани эътироф этилди.
Кеча давомида турли тилларда ижод қилувчи қатор ўзбекистонлик ижодкорлар, шунингдек, ўзбек тилида ижод қилаётган қўшни мамлакатлар ёзувчилари, ўзбек адабиёти таржимонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига ва фахрий аъзолигига қабул қилинди.
[gallery-30625]
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Асадуллоҳ Исмоилзоданинг “Хаёл варраги” шеърий тўплами, Галина Долгаянинг “Все, что судбой предрешено” (“Бари тақдирда бор”) ҳужжатли қиссаси, шунингдек, Ёзувчилар уюшмасининг қозоғистонлик фахрий аъзолари томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Қосимхон Бегмановнинг “Улуғдала сабоси”, Мереке Қулкеновнинг “Шодлик” назмий ва насрий китоблари тақдимоти ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон адабиёти азалдан кўп миллатли ноёб адабиётлардан бири. Унинг ривожланишида Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг, Явдат Илёсов, Михаил Гар, Жонибек Қувноқ, Меҳмонқул Исломқулов, Раим Фарҳодий, Борис Пак каби шоир ва ёзувчиларнинг ҳиссаси катта. Бугунги кунда фаол ижод билан шуғулланаётган Қалдибек Сейданов, Николай Илин, Галина Долгая, Паймон, Лола Юнус қизи, Абдулло Субҳон, Асадуллоҳ Исмоилзода, Ойсулув Ахан қизи каби қозоқ, рус ва тожик тилларида асарлар яратаётган ижодкорларимиз чин маънода Ўзбекистон адабиётининг муносиб вакилларига айланишган. Улар ортидан янги авлод вакиллари етишиб чиқаётир.
Тадбирда сўзга чиққанлар адабиётнинг миллий ва бағрикенгликдек қадриятларни сингдиришдаги аҳамияти, Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг миллий қадриятлари, тили ва маданиятини асраб-авайлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлади. Тадбир турли тилларда янграган шеърлардан иборат мушоира билан тугади.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),ЎзА