Маданиятлар мулоқотининг ҳаётий намунаси
Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида "Ипак йўли" VI Халқаро шеърият ва санъат фестивали бўлиб ўтди. Нуфузли анжуман жаҳоннинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар, рассомлар, олимлар ҳамда маданият намояндаларини бирлаштирган йирик халқаро маданий тадбирга айланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу фестивалда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан келган ижод аҳли бир саҳнада жам бўлиб, ўз мамлакатларининг адабий анъаналари, миллий шеърият намуналари ва ижодий тажрибалари билан ўртоқлашди.

– Фестиваль ўз номидан ҳам англашилиб турганидек, Буюк Ипак йўли халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган маънавий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган, – деди "Шарқ юлдузи" журнали бош муҳаррири, таниқли ижодкор Сирожиддин Рауф. – Тадбирнинг бош ғояси шеърият, санъат ва маданий мулоқот орқали тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб этишдан иборат бўлди. Фестиваль доирасида ташкил этилган тадбирлар адабиёт инсон қалбларини яқинлаштирувчи, халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи беқиёс маънавий куч эканини яна бир бор намоён этди.

Фестивалнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида Тинчлик йўлидаги Жаҳон шеърият конгресси ўтказилди. Унда шеъриятнинг жамият тараққиётидаги ўрни, халқлар ўртасидаги адабий алоқаларни ривожлантириш, таржима санъатини такомиллаштириш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, фестиваль доирасида шеърхонлик кечалари, китоблар тақдимоти, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, рассомлар кўргазмалари ва турли маданий дастурлар ташкил этилди. Бу тадбирлар иштирокчиларга нафақат ўз ижод намуналарини тақдим этиш, балки турли халқларнинг бой маданий қадриятлари билан яқиндан танишиш имконини ҳам яратди.

Ўзбекистон азалдан Буюк Ипак йўлининг марказий ҳудудларидан бири сифатида жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келган. Шу боис мамлакатимиз ижодкорларининг мазкур фестивалдаги иштироки миллий адабиётимизнинг халқаро майдонда янада кенг танилишига хизмат қилади. Бу каби халқаро адабий анжуманлар ўзбек шеъриятининг хорижий тилларга таржима қилиниши, ижодий ҳамкорликларнинг кенгайиши ва янги адабий лойиҳаларнинг юзага келиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Айниқса, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа мумтоз адибларимиз бой адабий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишда бундай фестивалларнинг аҳамияти беқиёс.

Фестивалда Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, шунингдек, ижодкорлар Сирожиддин Рауф, Ғайрат Мажид, Қутлибека Раҳимбаева, Салим Ашур, Шоди Отамурод ва Наргиза Асадова муносиб тақдирланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур фестивалнинг "Шоир-лауреат", "Олтин туя" ва "Кумуш туя" шеърият мукофотлари соҳибларига тантанали равишда топширилди.

Буюк Ипак йўлининг бой маданий мероси бугун ҳам халқларни бирлаштирувчи маънавий кўприк вазифасини бажариб келмоқда. "Ипак йўли" VI Халқаро шеърият ва санъат фестивали ана шу кўприкнинг замонавий адабий ва маданий ифодаси сифатида халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Н.Усмонова,
Аҳмаджон Тўраев (сурат),
ЎзА