Адабиёт музейида қандай жараёнлар кечмоқда?
Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи билан боғлиқ баҳс-мунозаралар тобора кучайгани ҳеч кимга сир эмас. Рости пойтахтнинг Навоий кўчасидаги Алишер Навоий номли метро бекати, улуғ мутафаккирнинг ҳайкали, Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи ва унга туташ ҳудуддаги сўлим “Шоирлар хиёбони” бир пайтлар яхлит мажмуани ташкил этгани, бу гўша адабиёт, маърифат, маънавиятнинг ўзига хос файзли маскани бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Пойтахт жамоатчилигининг шу кунларда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ диққат марказига тушиб қолган ушбу музейда бугун қандай жараёнлар кечмоқда? Шу саволга ойдинлик киритиш мақсадида Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида бўлдик.
Атоқли олим Ҳамид Сулаймон томонидан 1968 йилда асос солинган ушбу музейнинг ашёлари фидойи ва маърифатпарвар олимнинг саъй-ҳаракатлари билан жаҳоннинг турли давлатларидан тўплангани кўпчиликка яхши маълум. Йиллар давомида музей фондининг бир қисми Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтига ўтди. Бино қанчалик мукаммал бўлса-да, ундаги ёнғинга қарши тизим, электр кабеллар эскирган, нодир қўлёзмалар, бадиий асарларга чиндан ҳам путур етиши хавфи юқори. Музейдаги мавжуд фонд эса мақбул ҳарорат, ёруғлик ва намликни сақлаш каби нормал меъёрий ҳолатларни талаб этади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу музейдаги шароитлар билан танишгач, ундаги экспонатлар, нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш учун шароитлар мавжуд эмаслиги аён бўлганди. Айрим манбаларда мазкур бинонинг 1933-1936 йилларда қурилгани, бошқа манбаларда эса бино 1939 йилда барпо этилгани ҳақида маълумотлар келтирилади. Ғоят мустаҳкам бўлган, 1966 йилги Тошкент зилзиласига бардош берган бинонинг қурилиши йилларини инобатга олсак, чиндан ҳам бино ички таъмир ва реконструкцияга муҳтожлиги аён бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, музей Янги Тошкентда иш бошлаши кўзда тутилган. Унгача музей фондини хатловдан ўтказиш, уни безавол асраб қолиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур музей директори, филология фанлари доктори Шаҳноза Назарованинг таъкидлашича, музейда экспонатларни сақлаб қолиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Зеро, мамлакатимиздаги мавжуд музей қонунчилигига мувофиқ музейдаги ҳар бир қўлёзма, ҳар экспонат халқнинг маданий мероси ҳисобланади.
– Музей ёпилгани йўқ, – деди Шаҳноза Назарова. – Ходимлар штатининг бирортаси ҳам қисқаргани йўқ. Уларнинг ҳаммаси ойлик маош олиб ишлаяпти. Фақат музейнинг бир томони, яъни томошабинлар кирадиган томони ёпилган.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи ўз кўлами, ноёблиги, аҳамияти билан наинки мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда, эҳтимолки туркий дунёда ягона музей саналади. Музейнинг бошқа мозийгоҳлардан фарқли жиҳати – бу ерда кенг қамровли илмий ва экспозиция бўлими мавжуд. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик тадқиқотчилар учун ҳам музейнинг ғоят бой фондидан фойдаланиш, илмий тадқиқотлар учун имконият бор.
Мутахассисларнинг фикрича, аслида ҳар қандай музей хатлов жараёнларида ёпилади. Сабаби музейга ташриф буюрувчилар нодир қўлёзма, тошбосма асарлари, архив ҳужжатлари, адабий архив материалларини хатловга олишга халақит қилмаслиги керак.
Музейда миллий адабиётимиз тарихига оид нодир қўлёзмалар, тошбосма асарлар билан бирга Ўзбекистон ёзувчи ва шоирлари, адабиётшуносларининг архивлари ҳам бор. 187 нафар ушбу ижодкорлар орасида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Чўлпон, Боту, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи ва бошқа ижодкорларга тааллуқли архив материаллари, қўлёзма асарлар бор. Архив материалларини ўрганиш адабиётимиз хазинасини янги асарлар билан бойитишда, муаллифлар ижоди намунасининг аслияти билан таништиришда катта имкониятлар очади. Хусусан, ижодкорларнинг архив материаллари, қўлёзмаларини пухта ўрганиш натижасида Чўлпоннинг “Замона хотини” номли пьесаси қўлёзма варианти топилди. Муаллифнинг ўз қўллари билан ёзилган қўлёзмалар, турли архив материаллари асосида соф оригинал матн тикланади. Ҳозирда Ҳамзанинг ўз қўли билан ёзган матнларини тиклаш устида изланишлар олиб борилмоқда. Ваҳоланки, Ҳамза асарларининг мазмуни шўролар тизими даврида атайин бузиб талқин этилгани кўпчиликка яхши маълум.
Шуни айтиш керакки, айни пайтга қадар 1 491 дона тошбосма манба, 439 та папкадаги фото-нусхалар, 145 та папкадаги плёнка ва негативлар, шунингдек, 1 416 512 та ҳужжатни ўз ичига олган “Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви” фонди бирламчи хатловдан ўтказилди. Ҳозирда музей экспонатларини бирламчи хатловдан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда.
Музей ашёларининг бус-бутунлигини таъминлаш мақсадида ноёб 847 та қўлёзма ички ишлар, йўл-патруль хизмати ходимлари, ДХХ, Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси масъул ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига вақтинчалик сақлов учун ўтказилган.
Гарчи бино Адабиёт музейи балансида бўлса-да, унга безак бериш, таъмирлаш ёки реконструкция ишларини олиб бориш Маданий мерос агентлиги томонидан амалга оширилади. Шу сабабли ҳам бинодаги ҳатто энг кичик ўзгаришларни, масалан, ромларни алмаштириш учун ушбу агентликнинг рухсати керак бўлади.
Бугунги кунда музейда олиб борилаётган бирламчи хатловдан ўтказиш ишлари миллий адабиётимиз тарихи, ундаги жараёнлар ҳақида тўлақонли маълумот берувчи мазкур музейнинг ашёларини тўкис ва безавол сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Фақат қайта-қайта кўчириш ишлари манбаларга, ашёларга зарар етишига сабаб бўлмаса бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири