Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан бири
Мамлакатимизда ташкил этилган «I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусидаги форум она диёримиз азалдан илм ва маърифат излаб дунёнинг турли бурчакларидан одамлар интилиб келган муқаддас замин эканини яна бир бор тасдиқлади. Форум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан танишар эканмиз, бу ҳақиқатга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса, Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби (Саудия Арабистони):
— Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг буюк ислом цивилизацияси давлатларидан биридир. Самарқанд Буюк Ипак йўлининг дурдонаси, ислом меъморчилиги тараққиётида марказий ўрин тутган шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Биз яхши биламиз ва бундан мамнунмизки, Ўзбекистон харитадаги оддий давлат эмас. У ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир. Самарқанддан Бухорогача, Регистондан Имом Бухорий зиёратгоҳигача бўлган барча тарихий ёдгорликлар шу ҳақиқатни намоён этадики, бу замин инсоният илм-фани ва маънавий онги учун юксак зиё масканларини барпо этган буюк умматнинг меросидир.
Бугун ана шу буюк меросни ёдга олар эканмиз, бизнинг масъулиятимиз фақат ўтмиш билан фахрланишдан иборат эмас. Балки илм ва амал орқали, юксак исломий қадриятларга таянган ҳолда, цивилизация руҳини бугунги ҳаётимизда қайта жонлантиришдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг исломий, илмий ва маданий меросни қайта тиклаш, уни асраб-авайлаш ҳамда бутун дунёга танитиш борасидаги юксак саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этамиз. Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг хизматлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло у кишининг саъй-ҳаракатларини муборак қилсин ва улар орқали эл-юртга манфаат ато этсин.
Биз Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг очилишини ислом оламидаги энг йирик илмий ва маданий масканлардан бири сифатида юксак қадрлаймиз. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилганини ҳам юксак баҳолаймиз. Айниқса, ушбу марказда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини тадқиқ этишга қаратилган илмий ишлар алоҳида аҳамиятга эгадир.

Шайхулислом Оллошукур Пошозода, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий:
— Ўзбекистон доим қалбимда. Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликнинг ривожланишида икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар бутун дунёда эътироф этилмоқда.
Ислом дунёсининг буюк алломалари меросини дунёга танитишда Яратган доимо Ўзбекистонга мададкор бўлсин. Мовароуннаҳрнинг маркази бўлган Ўзбекистон ислом цивилизациясининг эзгу орзу-умидларини ўзида мужассам этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан ислом динининг эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этиши, Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндалари ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳисса ҳақида билдирган фикрлари бизда катта ғурур уйғотади.

Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, Макка шаҳридаги «Масжид ал-Ҳаром» бош имоми:
— Бу ерда кўрганларим ва эшитганларим менда катта мамнуният уйғотди. Бундай улкан ишларни амалга ошираётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман. Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бугунги кунда ҳақиқий Уйғониш руҳини намоён этмоқда.
Зеро, ислом цивилизацияси асрлар давомида шаклланган, илмни имон билан, ҳуқуқни ахлоқ билан, эркинликни масъулият билан боғлаган ҳаёт тарзи ва маънавий тизимдир.
Ушбу цивилизация байроғи остида муфассирлар, муҳаддислар, фақиҳлар, муҳандислар, фалакшунослар, тилшунослар ва тарихчилар фаолият юритган. Улар илмни ривожлантириш, ерни обод қилиш, инсон манфаатига хизмат қилиш ҳамда жамиятда адолатни қарор топтириш йўлида меҳнат қилганлар.
Цивилизация фақат сўзлар билан барпо бўлмайди. У солиҳ инсон, илмига амал қилувчи олим, адолатли раҳбар, омонатдор тадбиркор, ихлосли муаллим ва ҳалол меҳнат билан юксалади. Ўзбекистонда эса ана шу юксалиш мезонлари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.