943 та бино ва иншоот аҳоли пунктларининг бош режаларига зид равишда қурилган
Юртимизда аҳоли пунктларини ободонлаштириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ўзбошимчалик билан қурилган объектларни аниқлаш, улар билан боғлиқ қонун бузилишларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо шу билан бирга, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд.
Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувлари ва ҳудудларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида соҳадаги камчилик ва муаммолар аниқланди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида айрим ҳолларда шаҳарнинг бош режасига зид равишда қурилиш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи чорагида республика бўйича жами 943 та бино ва иншоотлар аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда қурилган.
Шу каби масалалардан келиб чиқиб, қуйи палата мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовга “Аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан риоя этилиши устидан давлат архитектура назоратини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” асослантирилган тушунтиришлар бериш бўйича парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА