70 000 иш, 5 ҳафта ва бир савол…
Францияда 11 ёшли қизча ўлдирилиши мамлакатда мислсиз муҳокамага сабаб бўлди. Жамоатчиликни ларзага солган бу воқеадан кейин гумонланувчи шахсга нисбатан аввал ҳам вояга етмаганларга қарши жиноятлар ҳақида шикоятлар бўлгани, аммо вазият етарли даражада ўрганилмагани маълум бўлди. Айни ҳолат адлия тизими фаолиятига нисбатан кескин саволларни кун тартибига олиб чиқди. Натижада адлия вазири Жеральд Дарманен болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид 70 000 очиқ ишни қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди.
Бир қарашда бу қатъий ва кескин чорага ўхшайди, бироқ рақамларга назар ташланса, вазифанинг кўлами яққол кўринади. Белгиланган муддат – 14 июль, амалда беш ҳафтадан сал кўпроқ вақт дегани. Ҳисоб-китобга кўра, ҳар ҳафта тахминан 14 000, ҳар бир иш кунида 2 0000 дан кўп материал кўриб чиқилиши зарур. Франция эса Европада судьялар сони нисбатан кам давлатлардан бири ҳисобланади.
Ҳукумат режа амалга ошишини таъкидламоқда. Расмий нуқтаи назарга кўра, ишлар янги эмас, аллақачон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва прокуратурада рўйхатга олинган. Мақсад ҳар бир ҳолат бўйича умумий манзарани шакллантириш ва вояга етмаган жабрланувчилар иштирокидаги ишларга устувор аҳамият беришдан иборат. Яъни, гап барча жиноятчиларни қайта тергов қилиш эмас, балки ишнинг ҳолати ва аҳамиятини тезкор баҳолаш ҳақида кетяпти.
Ҳуқуқшунослар ва суд тизими вакиллари бундай ёндашув хавфли оқибатга олиб келишидан огоҳлантирмоқда. Уларнинг фикрича, шошилинч текширув мураккаб ишни юзаки кўриб чиқишга сабаб бўлиши эҳтимоли юқори. Болаларга қарши зўравонлик ҳолати эса руҳий хулоса, тиббий экспертиза ва кўплаб бошқа қўшимча текширувларни тақозо этади. Бундай жараёнда тезлик эмас, аниқлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Мутахассислар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда. Қайта кўриб чиқилаётган 70 000 ишдан ташқари, полиция бўлимларига ҳар куни янги мурожаатлар келиб тушмоқда. Демак, тизим бир вақтнинг ўзида ҳам эски муаммо, ҳам янги шикоятни кўриб чиқишига тўғри келади. Қолаверса, қўшимча ходим ёки махсус ишчи гуруҳ ажратилиши ҳақида ҳозирча аниқ қарор йўқ. Демак, мавжуд кадрлар зиммасига янада кўпроқ юк тушишини англатади.
Мазкур ташаббус натижасини вақт кўрсатади. Бу воқеа Франция учун бир муҳим ҳақиқатни очди: муаммо фақат айрим ишлар эмас, балки бутун тизим самарадорлиги билан боғлиқ. Ҳолатлар қайта кўриб чиқилиши болалар хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилса яхши. Мабодо, жараён рақамлар ортидан қувишга айланса, жамоатчилик кутаётган ўзгариш яна кечикиши мумкин. Хуллас, бугун Франция олдида турган асосий вазифа тезкорлик билан адолат ўртасидаги мувозанатни топишдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА