7 ёшли шахматчимиз чемпионлик остонасида
Россия Федерациясининг Тула вилоятида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилаётган 20-Осиё чемпионатининг ортда қолган 8-тур мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадюсуф Баҳромов 7 ёшгача бўлганлар ўртасидаги баҳсда қора доналарда шри-ланкалик Садеш Тешан Фернандони мағлуб этди.
Ушбу ғалабадан кейин истеъдодли шахматчимиз Муҳаммадюсуф Баҳромов 7 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни қўлга киритди.
Бугун, 8 октябрь куни қитъа чемпионатининг сўнгги 9-турида ёш Муҳаммадюсуф оқ доналарда 5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 5-ўринда бораётган россиялик Владимир Караевга қарши дона суради.

Қитъа чемпионлиги учун Муҳаммадюсуф Баҳромовга рақобат кўрсатаётган ҳиндистонлик Дхаранипатия Хималан сўнгги турда россиялик Роман Яновский билан куч синашади. Кеча ўтган 8-тур мусобақасида Ҳинд шахматчиси оқ доналарда қозоғистонлик Алинур Бауюрханга ютқазиб қўйди.

12 та мамлакатнинг ёш ақл гимнастикачилари дона сураётган мазкур қитъа чемпионатининг бугун ўтадиган охирги тур ўйинларида ғолиблик учун кураш айнан ҳамюртимиз Баҳромов ва Хималан ўртасида кечади.
Ушбу турда Баҳромов россиялик рақибини мағлуб этса, Ҳиндистон-Россия шахматчилари ўртасидаги ўйин қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар Осиё чемпионлиги Ўзбекистон вакилига насиб этади.
Т. Рўзиев, ЎзА