34,5 миллион сўмлик коронавирусга қарши блокаторлар ушлаб қолинди
Сирдарё вилоятида мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб келиб пулланмоқчи бўлинган 800 дона “VIRUS SHUT OUT” номли ҳамда 70 дона “E.A Mask” номли коронавирусга қарши блокаторлар тўхтатиб қолинди.
Сирдарё вилоятида мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб келиб пулланмоқчи бўлинган 800 дона “VIRUS SHUT OUT” номли ҳамда 70 дона “E.A Mask” номли коронавирусга қарши блокаторлар тўхтатиб қолинди.
Ушбу ноқонуний маҳсулотлар вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосланиб, вилоят давлат хавфсизлиги хизмати ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида фош этилди.
Мирзаобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-34 йўлининг Гулистон – Тошкент йўналишидаги йўл ўтказгич кўприк остига келиб тўхтаган «Кобальт» ҳамда «Некция-3» русумли автотранспорт воситаларининг юкхонаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув жараёнида фуқаро Холдор Уйғунов (персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги «Кобальт» русумли автотранспорт воситасининг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган жами 800 дона “VIRUS SHUT OUT” номли ҳамда фуқаро Метанбой Жовлиев бошқарувидаги «Некция-3» русумли автотранспорт воситасининг юкхонасида жами 70 дона “E.A Mask” номли коронавирусга қарши блокаторлар борлиги аниқланди.
Олиб борилган дастлабки текширув ва суриштирув давомида юқорида келтирилган автомашиналардан олинган вирусга қарши блокаторлар «Некция-3» русумли автомашинада йўловчи сифатида келган фуқаро Рахмиддин Шовлиевга тегишли эканлиги маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлабки тахминий қиймати 34 миллион 560 минг сўмлик 800 дона “VIRUS SHUT OUT” номли ва 70 дона “E.A Mask” номли коронавирусга қарши блокаторлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда божхона ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.