3 ойда 116,2 миллиард сўмлик ёрдам пули ажратилган
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада тизимли ишлар амалга оширилиб, фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш қамрови изчил кенгайиб бормоқда.
2026 йилнинг январь–март ойлари давомида 86,8 минг нафар фуқарога жами 116,2 миллиард сўм миқдорида бир марталик ижтимоий тўловлар тўлаб берилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилган ушбу тўловлар аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, 47 минг 784 нафар фуқарога 42,7 миллиард сўм миқдорида суюнчи пули, 39 минг 24 нафар фуқарога 73,5 миллиард сўм миқдорида дафн нафақаси тўланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бир марталик суюнчи пули биринчи фарзанд учун — 42 минг 248 нафар аёлга, иккинчи фарзанд учун эса фарзанд туғилган пайтда Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг аъзоси бўлган 5 минг 536 нафар аёлга тўлаб берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА